Битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласи қай аҳволда?

16:04 29 Сентябр 2021 Сиёсат
70 0

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашдаги долзарб муаммолар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида ҳукумат томонидан қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонунда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастури лойиҳасини ҳар йили 1 декабрдан кечиктирмай Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгилаб қўйилган ва бу тартибга амал қилиняпти.

Қолаверса, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб техникумлар ўқувчиларига амалиёт ўташ жойларини ташкил қилиш ҳамда келгусида ишга жойлашишлари учун 800 га яқин тармоқ корхона ва ташкилотларга бириктириш юзасидан ҳукумат қарори тайёрланган.

Ёшларнинг тадбиркорлик билим ва кўникмаларини ривожлантириш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасаларида “Кичик бизнес ва тадбиркорлик асослари”, “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ташкил этиш”, “Туризмда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш” ва “Бизнесни ташкил этиш ва юритиш” фанлари ҳамда ўқув дастурлари ишлаб чиқилган.

Хизматчиларнинг асосий лавозимлар ва ишчилар касблари классификатори лойиҳаси тайёрланиб, унга 2163 та янги лавозим ва касб қўшилиб, умумий сони 12 151 бирликка ортган.

2019-2021 йилларда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари учун замонавий бинолар қуриш, ходимларни рағбатлантириш ва моддий-техника базасини яхшилаш мақсадида талаб этиладиган харажатларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 24 млрд 600 млн сўм микдорида маблағ молиялаштирилиб, 20 та замонавий хизмат кўрсатиш бинолари фойдаланишга топширилган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан олий маълумот тўғрисидаги бакалавр ва магистр дипломларининг ягона электрон базасини шакллантириш мақсадида otm.mehnat.uz ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу тизимга ҳозирги кунда олий таълим муассасалари томонидан 1 млн 80 мингдан ортиқ (70%) маълумот киритилган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2020 йил бакалавр ва магистр битирувчиларининг дипломларига индивидуал QR-код қўйиш “qrdiplom.edu.uz” ахборот тизими ишлаб чиқилган ҳамда “Ёшлар дафтари” ва Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган.

 “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида www.ish2.mehnat.uz бўш (вакант) иш ўринлари базаси яратилган.

Шунингдек, хорижий тажрибани ўрганган ҳолда “Mening ishim” буюртмалар биржаси онлайн майдонини ишга тушириш орқали фуқароларни кунлик ишга ёллашда иш берувчи жисмоний ва юридик шахсларга интерактив хизматлар кўрсатиш режалаштирилмоқда.

Мажлисда бу борада амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш жараёнида сенаторлар битирувчилар бандлигини таъминлаш борасида бир қатор тавсияларни илгари сурди.

Жумладан, олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчиларини ўқув-ишлаб чиқариш амалиётига жалб қилиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан олий таълим муассасаларига буюртмалар бериш амалиётини йўлга қўйиш, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда хусусий секторда кадрларни ишга жойлаштириш бўйича субъектлар фаолиятини рағбатлантириш тизимини яратиш, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан банд бўлган фуқароларнинг иш шароитлари, ижтимоий ва яшаш-турмуш таъминоти, чет эллик иш берувчилар билан тузиладиган меҳнат шартномаларининг ҳуқуқий жиҳатлари ва бошқа масалаларда ёрдам кўрсатиш тизимини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?