«Бироз сиёсийлашинг, жаноб вазир, жуда содда кўриняпсиз, сизга миллатимизнинг тақдири ишониб топширилганини унутманг»

17:27 12 Октябр 2020 Жамият
1254 0

Мен миллатчи эмасман, миллатимни яхши кўраман, холос.

Сиёсатдан ҳоли келишувлар ҳақида вазирнинг фикри...

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов АҚШнинг USAID ва Россиянинг Маориф вазирлиги билан келишувлар имзолади.

28 сентябрда имзоланган келишув USAIDни Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини объектив баҳолаш тизимини шакллантириш, бошланғич синфларда математика тадқиқотлари ўтказиш ва инглиз тили ўқитувчиларининг малакасини оширишга 50 миллион доллар ажратишини кўзда тутади.

Икки ҳафта ўтмай, Россиянинг Маориф вазирлиги билан келишув имзоланди. Унга кўра Россиянинг малакали рус тили ўқитувчилари ва методистлари Ўзбекистоннинг ўзбек тилида дарс ўтиладиган мактабларида (!) ишлайдиган 30 мингга яқин ўқитувчиларнинг малакасини ошириш билан шуғулланишади. Ушбу лойиҳага Алишер Усмонов 5 миллион доллар ажратмоқда.

Мақсадлар, устуворликлар ва манбалар бўйича хулосани ўзингиз қилиб олинг.

Сиёсатдан ҳоли вазиримиз ушбу келишув ҳақида фикрларини ёзибди:

«Россиялик педагоглар Ўзбекистонга келиб ҳудудий малака ошириш марказларида рус тили ўқитувчиларимизнинг малака оширишларига ҳамда ўзбек тилида дарс ўтилаётган мактабларда рус тилини ўргатишни яхшилашга ёрдам берадилар. Бу эса ушбу мактаблардаги рус тили ўқитувчиларимиз учун ҳам жуда катта фойда бўлади».

Келишувнинг асл мазмунини тушундик. Бу яхши, фақат кейинги фикрлардан ташвишланиш керакдек...

“Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида рус тилида дарс ўтиладиган мактабларга ота-оналар томонидан талаб жуда юқори (!). Кўпчилик ота-оналар уйда рус тилида сўзлашмасликлари сабабли (!) болалари ўқишда қийналса ҳам рус тилидаги мактабга беришга ҳаракат қиладилар. Бунга асосий сабаблардан бири, мен билмасам ҳам болам жуда бўлмаса рус тилини ўрганиб чиқсин, дейди. Аслида эса бундай ўқувчилар мактабда бошқа фанларни ўзи билмайдиган тильда ўзлаштиришга қийналадилар (!).

Ушбу лойиҳадан мақсад – ўзбек тилидаги мактаб битирувчиси фанларни ўз она тилида яхшироқ ўргана олиши билан бирга (!), рус тилини ҳам биладиган бўлиб битириб чиқсин”.

Қойил, мантиқни қаранг. Рус мактабига ота-она «орзу ҳавас» билан, «ҳеч бўлмаса рус тилини ўргансин» деб боласини биринчи синфдан беради, у бошқа тильда ўрганолмайдиган геометрия, алгебра, физика ва географиядан «саводсиз» бўлади, лекин «рус тилини ўрганиб чиқади».

“Мактаб ўқувчилари келажаги учун муҳим бўлган ушбу лойиҳани ижтимоий тармоқларда баъзи «ақлли»лар дарров сиёсийлаштиришга ҳаракат қилишаётганини кўриб, аниқ айтиб қўймоқчиман: ушбу лойиҳа орқасида бирон бир сиёсий мақсад йўқ. Асосий мақсадимиз – битирувчиларимиз дунё бозорида рақобатбардош бўлишига эришиш”

Вазир ҳеч қандай сиёсий мақсадни кўрмаяпти, тушунарли. Бизнинг вазир содда ва юмшоққина. Бу лойиҳада бошидан иккинчи томоннинг сиёсий мақсадлари кўриниб турибди.

Миллат билан ғурурланиш қандай тарбия қилинади?

Алишер Усмоновни меҳмон қилиш учун ресторанга олиб боришганида, юқори даражада тайёрланган стол, стулларни кўриб: «... болалигимда оталаримиз сўриларда, хонтахта ва кўрпачаларга ёнбошлаб, ўчоқларда ўз қўллари билан палов дамлаб меҳмон кутишларини кўрганман. Шундай одатларимиз йўқолиб кетмаслиги керак» дея, хонтахтага жой қилдирган экан. Алишер Усмоновни соф наманганча шевада, равон гапиришидан ўзим ҳам ҳайратланганман. Ўзбеклигидан фахрланадиган, ўзлигини йўқотмаган, нафақат рус, балки француз, немис ва турк тилларини мукаммал биладиган ўзбек. Шунча йил бошқа давлат ва маданият ичида яшаб ўзлигини сақлаб қолган буюк ўзбек. Бугун болаларимиз ота-онасининг қучоғида бошқа миллатга айланиб қолаётгани Таълимга масъул вазирни ташвишлантирмаяпти...

Мен русофоб эмасман...

Аввалдан айтиб қўймоқчиман, мен русофоб эмасман. Минтақада барча миллатлар ва давлатлар бир-бири билан дўстона муносабатда бўлиши ҳаётий зарурат эканлигини, биз учун Россия билан дўстона ва ҳамкор муносабатларнинг аҳамиятини жуда яхши тушунаман. Русларнинг маданияти, адабиёти ва тилини ҳурмат қиламан, завқ билан ўрганаман. Л.Толстой, А.Чехов ва Ф.Достоевскийни маза қилиб ўқиганман, ҳозир ҳам ўқийман. Фарзандларимизни ҳам рус тили ва адабиётини яхши билишларини ютуқ деб ҳисоблайман. Албатта инглиз, немис, форс, араб тиллари ва адабиётларини устунроқ бўлса борки, кам бўлмаган аҳамиятини таъкидлаган ҳолда...

Вазирга саволлар...

Масалани сиёсийлаштирмасликка чақираётган вазиримиз тушуниши керак, тил ва таълим азалдан сиёсий масала бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Ўзбек бўлиб ўзбекчани, қадриятларини англамайдиган ёшлар сезиларли ортиб бораётгани таълимга масъул мансабдорга огоҳлик қўнғироғи бўлиши керак. Ўзбекистонда таълим ва тарбия тизими ўзбек халқининг тараққиёти учун хизмат қиладиган авлодни тарбиялаши керак. Бошқа миллатдаги ватандошларимизга Конституцияга мувофиқ ўз тилларида, ўз қадриятларига мувофиқ таълим олишлари таъминланмоқда ва таъминланади. Вазир жанобларига савол, ота-оналар талаби билан Ўзбекистонда болалар рус тилида ўқитилиши мумкинми? Мамлакатнинг таълим ва тарбия тизими ота-оналарнинг талаби билан шаклланадими? Ўзбекистонда рус миллатига мансуб ватандошларимизнинг сони қанча? Рус тилидаги мактаблар унга мутаносибми? Нима сабабдан 200 га яқин мактаб дарсликлари ўзбек ва рус тилларида нашр этилади? 1 та дарсликни 3-6 млрд. сўмга тушишини, қисқа даврда қайта нашр этилишини ҳисобласак, бу мушкул масала эмасми? Нега нафақат рус, балки ўзбеклар ҳам рус тилидаги мактабларда ўқитилишига бефарқ бўляпмиз? Нега бугун ўзбек ёшлари русийзабон бўлиб кетяпти? 20 йилдан кейин нима бўлади? Бу аҳволга ўзбекларни бошланғич синфларданоқ рус синфларида, (лойиҳага кўра энди ўзбек синфларида ҳам) русча ўқитилаётгани сабаб бўлмаяптими?

Россия рус тилини эъзозлайдиган, бошига кўтарадиган мамлакатларни кўп бўлишини истайди, бу жуда ҳам табиий. Бу уларнинг геосиёсий, геоиқтисодий манфаатлари талаби. Биз-чи? Биз барча илмларда илғор, қадриятларимизни қадрлайдиган, шу билан бирга хорижий тилларни биладиган авлод тарбияламоқчимизми, ёки ўз тили, қадриятлари ва маданиятидан уяладиган ғарбпараст, руспараст авлодними? 12 ёшигача онгостига бошқа маданият ва тилларга муҳаббат сингдириб қўйилган болага ватанпарварлик ва миллий қадриятлар ҳақида соатлаб дарс ўтишдан фойда бўлмайди.

Мушкул иш ҳақида икки оғиз...

Руслар ва қўшниларимиз қозоқлар болаларни мактабларда бепул овқатлантириш қарорига бекорга келишгани йўқ. ЮНИСEФнинг тадқиқотларига кўра ер юзидаги барча террористларнинг 79 фоизи Африка қитъасидан чиқяпти. Бунга энг муҳим учта сабаблардан бири болаликда тўйиб овқатланмасликдир. Болалигида тўйинмаган бола етарли физиологик шаклланмайди, унинг организми қабул қилмайдиган, режалаштирмайдиган, қисқа фикрли, бесабр, урушқачоқ ва албатта буларнинг натижасида омадсиз бўлади.

Келажак бугун - оила, боғча ва мактабда шаклланади. Уни шакллантириш доимо мушкул ишларни ҳал қилиш билан боғлиқ бўлган. Бугун мамлакатимизда тахминий ҳисоб-китобларга кўра боғча ёшидаги болалар 2,5 миллион, 1-5 синфларда ўқийдиган болалар 2,9 миллионни ташкил этади. 3-11 ёш орасидаги 5,4 миллион болани бир кунда 15 минг сўмлик овқатлантирилса, бир йилда 1,9 миллиард доллар, фақат 1-5 синфлардаги болалар овқатлантирилса 1 миллиард доллар пул керак бўлади. Буни қанча қисмини ота-оналар қоплайди, қанча қисми бюджетдан қопланади, ҳисоблаш мумкин. Президентимизнинг «келажакда ижтимоий муаммоларга сарф қилмаслик учун бугун таълим ва тарбияга сарф қилишимиз керак» деган сўзларини эсланг. Бугун жиноятчиликни ёшариб кетгани, болаларни бешафқат бўлиб кетаётгани, жуда тор фикрли ва мақсадсиз эканлиги болалик даврининг бир қатор масалалари қаторида айнан оилаларнинг чекланган даромади сабабли болаларни етарли тўйинмаётгани билан боғлиқ масала эканлигига шубҳа қолмади. Қанчалар мушкул бўлмасин мамлакатимиз келажаги учун ҳал қилиниши керак бўлган муҳим масалада вазиримиз рус ҳамкасбининг олдида «биз учун бундай ишлар мушкул иш» деб, ожизлиги билан «мақтаниши» қабул қилиб бўлмас ҳолат.

Таълим ва тарбияда стратегиямиз аниқ бўлсин.

Биз таълим ва тарбияда манфаатларимизни аниқ белгилаб олиш ва унга оғишмай амал қилишимиз керак. Бугун оила, боғча ва рус мактаблари билан бирга ўзбек мактабларида ҳам рус тилини ўргатиш оммавий тус олаяпти, мақсадимиз фақат тил ўргатишми ўзи!?

Мен миллатчи эмасман, миллатимни яхши кўраман, холос. Бошқа миллатларга зараримиз тегмасдан, ҳамкорликда ривожланиш тарафдориман. Албатта хорижий тилларни биладиган ёшларимиз миллатимиз ва давлатимизнинг ютуғи, лекин Достоевскийнинг таъбири билан айтганда «ўз халқига бегона инсондан ҳам бахтсизроқ ким бўлиши мумкин?». Достоевский бу фикрни француз тили ва маданиятини рус маданиятидан минг карра устун эканлигини айтган, рус тилида гапиришни ор деб биладиган рус зодагонига айтганини яхши биласиз. Рус зодагонлари орасида ҳам ўша вақтларда болалигиданоқ француз тилини ўргатиш ёзилмаган мажбурият бўлган.

Тил ўргатамиз деб ёшларимизни бой бериб қўймаймизми? Менимча, 1-5 синфларда она тили, адабиёти, тарих ва тарбия фанларига мутлақо устунлик бериш, хорижий тилларни иккиламчи ўргатиш, 6-синфдан бошлаб эса хорижий тилларга устуворлик бериш тўғри йўл бўлади. Бизнинг асосий мақсадимиз хорижий тилларни биладиган болаларни тарбиялаш эмас, давлатимиз ва миллатимизни ривожлантирадиган авлодни тарбиялаш бўлиши керак. Улар албатта бир нечта хорижий тилларни яхши биладиган бўлишади.

Шерзод Шерматовни АҚШда ўқиганлиги унинг ўзбеклигига асло таъсир қилмаган, бунга шахсан гувоҳман, лекин вазирлик фаолияти таъсир қилмаётганига умид қиламан. Япониянинг «Сумитомо» компанияси мансабдорларидан бири: «... биз японларнинг энг катта хатоимиз хорижликларнинг кўнгли ва кайфиятига керагидан ортиқ эътибор бериб юбориб, манфаатларимизни бой берамиз» дегани эсимга тушиб кетди.

Бироз сиёсийлашинг, жаноб вазир, жуда содда кўриняпсиз, сизга миллатимизнинг тақдири ишониб топширилганини унутманг.

Алишер Қодиров,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси
Марказий кенгаши раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?