«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасидаги танловда ғолиб бўлган нурободлик ўқувчи эски ноутбук билан «тақдирланди». Нуробод тумани ҳокимлиги эса янги телефон берганмиз деяпти...

23:46 16 Январь 2022 Жамият
2204 0

Фото: Нуробод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

16 январь куни ижтимоий тармоқларда Нуробод туманидаги 41-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчисининг видеомурожаати тарқалди. Ўқувчи ўз мурожаатида "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси доирасидаги IT танловининг туман босқичида ҳам, вилоят босқичида ҳам ғолиб бўлганини айтади. Аммо танлов ғолиби сифатида унга берилган ноутбукни уйига келиб очиб кўрганида аввал ишлатилган, эски эканига гувоҳ бўлган. Танлов ғолиби ноутбукдаги иловалардан мазкур «соврин» бошқа бир ўқитувчининг эски ноутбуки эканини аниқлаган.

Мурожаатда ғолиб ўқувчи соврин сифатида эски ноутбук унга ким томонидан берилганига аниқлик киритмаган.

Мазкур ҳолат бўйича Нуробод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати қуйидагича муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 6 январь куни Нуробод туманидаги умумтаълим мактабларининг 7-11-синф ўқувчилари ўртасида «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси асосида "IT-TANLOV"нинг туман босқичи бўлиб ўтган.

Мазкур мусобақада 41 умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси С. Саттаров фахрли биринчи ўринни олиб, туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ҳамда "Realme C11" русумли телефон аппарати билан тақдирланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Нуробод тумани ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумотлар берилиши айтилмоқда.

Шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси вакиллари ҳам тез орада расмий маълумот берилишини маълум қилган.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, Халқ сўзи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?