Бир гуруҳ сурхондарёликларга “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонлари топширилди

12:38 07 Декабрь 2018 Жамият
1082 0

“Халқ сўзи Online”. Илҳом Раҳматов/Сурхондарё. Термиз шаҳридаги Санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тадбирда вилоятда маҳалла институти ишларига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган 25 фаол, ташаббускор фуқаро ва жамоатчилик тузилмалари вакилларига “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони тантанали тарзда топширилди.

Президентимизнинг 2017 йил 13 июлдаги “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мазкур нишон жамиятимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кенг қамровли профилактика тадбирлари ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакиллари мукофотланади.

“Миллий қадрият ва анъаналаримизни ўзида мужассам этган маҳалла институти жамиятимиз ривожида устувор аҳамият касб этаётир. Кўксимда “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони тақиларкан, бениҳоят руҳландим, юксак ғурур ва ифтихор туйғусини ҳис қилдим. Бу кўкрак нишони менинг тимсолимда маҳалладошларим, ҳар хонадон аҳлига ифтихор бағишлаши шубҳасиз. Ахир, ҳар маҳалла гўё бир оила. Неки, ютуқларга эришсак, бу ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатларимиз самарадир. Тошгузар-Бойсун- Қумқўрғон темир йўлининг йирик станцияси бизнинг қадимий Дарбанд қишлоғимизда бунёд этилиб, коммуникация, инфратузилма тармоқлари яратилиши, замонавий мактаб, коллеж ва тиббиёт муассасалар фаолияти халқимиз ҳаётида фаровонликни таъминлаётир. Тинч ва осойишта, катта шаҳарларга бўйлашаётган қишлоқда яшаш завқи маҳалладошларимиз қалбида шукроналикни яна оширмоқда”, - дейди Бойсун туманидаги “Сангчил” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Холёр Назаров.

Тантанали маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Б. Пўлатов иштирокчиларни қутлуғ айём билан муборакбод этиб, кўкрак нишонларни ўз соҳибларига топширди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?