Бир бор экилганда 50 йил ҳосил берадиган доривор ўсимлик Оролбўйида гуллади

16:35 16 Ноябрь 2021 Иқтисодиёт
556 0

Иллюстратив фото

Юртимизда доривор ўсимликларни илмий асосда етиштириш ва қайта ишлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир ҳудудда доривор ўсимликларни тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда етиштириш заруратидан келиб чиққан ҳолда илмий изланишлар олиб бораётган мутахассислар таклифлари билан Қорақалпоғистон Республикасида илк бор лаванда доривор ўсимлиги экилди.

— Сўнгги йилларда бутун мамлакатимиз бўйлаб ўрмон фонди ерларида доривор ўсимликларни етиштириш кенг йўлга қўйилмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси ўринбосари Ернияз Акимниязов. — Мана, бу йил илк бор лаванда доривор ўсимлиги экилди. Бунинг учун тажриба синов тариқасида Хўжайли туманидаги ўрмон хўжалигининг 4 гектар майдони танлаб олинди. Бу ўсимлик кўчатларини Фарғона вилоятидаги «Меҳригиё» корхонасидан олиб келиб экдик. Мана, натижаси яхши, лаванданинг дастлабки ҳосилини йиғишга тайёр бўлиб турибмиз.

Эътиборлиси, синов тариқасида экилган лаванда ўсимлиги гуллади, яъни ҳосил бериши исботланди. Келгусида биз бошқа ҳудудларда ҳам плантациялар барпо этишни режалаштиряпмиз.

Доривор ўсимликларининг бир йиллик ва кўп йиллик турлари мавжуд. Оролбўйида илк бор экилган лаванда доривор ўсимлигини бир бор экиб, 50 йилгача ҳосил олиш мумкин экан.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикасида биринчи марта 1973 йили Тошкент вилоятида доривор ўсимликлар экила бошланган. Кейинчалик 1978 йилда Наманган вилояти Поп туманида «Поп» номли доривор ўсимликлар ўстириладиган хўжалик ташкил қилинган. Бугунги кунда Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятларида доривор ўсимликларни етиштирадиган махсус хўжаликлар бор. Эндиликда Оролбўйи ҳудудларида ҳам лаванда доривор ўсимлиги плантациялари барпо этилиши кутилмоқда.

Ғайрат ОТАЖОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?