Билимли бўлиш замон талабларига мослашиш демакдир

03:50 19 Май 2021 Жамият
62 0

Буюк маърифатпарвар бобомиз Исҳоқхон Ибратнинг шундай ҳикмати бор:

Зиё-ла юраман десанг дунёда,
Илм ол, ҳунар ўрган, қолма пиёда.

Қанотли сўзлар оҳанрабоси

Ушбу қанотли мисралар бугун ҳам долзарбдир. Зеро, рамзий маънода айтганда, одам юки ерда қолмаслиги, кўчада ишсиз ё уловсиз юрмаслиги учун, аввало, ўқиши, тинимсиз интилиши керак. Ҳадисда ҳам бежизга "Бешикдан қабргача билим изла" дея айтилмаган. 

Бугун юртимизда ҳар бир инсон, айниқса, ёш авлоднинг илм олишлари, иқтидорларини намойиш этишлари, чархланишлари учун барча шароитлар яратиб бериляпти.

Бошқача айтганда, мамлакатимизда ўтган йилларда амалга ошириб келинаётган улкан янгиланишлар марказида, шубҳасиз, таълим-тарбия масаласи биринчи ўринда турибди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ғояси ва ташаббуси асосида бугунги кунда мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим тизимида муҳим ўзгаришлар рўй бергани ҳам бунинг тасдиғидир.

Янги тушунчалар нафақат қоғозда, балки юракларда ҳам акс этмоқда

Ҳозирда аҳолининг барча қатламлари, ота-оналардан тортиб ёш ўғил-қизларгача Учинчи Ренессансга қадам айнан маърифат ила ташланишини чуқур англаб етмоқда. Бинобарин, улар "Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари", "Беш ташаббус", "Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади", "Ўзбекистон — олий таълим бўйича Марказий Осиёнинг хабига айланади" деган ғояларни нафақат эътироф этишяпти, балки ўз дунёқарашларини ҳам шу асосда ўзгартиришга интилмоқда.

Сабаби, ҳозирги шиддати замон, глобаллашув даври, айниқса, пандемиядан кейинги тикланиш ҳар бир инсондан тинимсиз изланиш, билим олишни тақозо этмоқда. Рақобатга бардош бериш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллаш, келажакка дадил кириб бориш эса узлуксиз ҳаракат деганидир.

Жараён узвий, ҳаракат тўхтовсиз

Юртимизда охирги тўрт йилда 134 та янги мактаб қурилгани, 2 минг 965 та мактаб реконструкция қилиниб, тубдан таъмирлангани ва жиҳозлангани ҳам ана узвий жараённинг бир қисмига айланди.

Шуларга уйғун тарзда мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги замонавий Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар барпо этилмоқда.

Олий таълим муассасаларида эса 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич масофавий таълим шаклида ҳам кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Ўз навбатида ёшларимиз учун бир вақтнинг ўзида 5 тагача олий таълим муассасасида танловларда иштирок этиш имконияти яратилди.

Таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларда ўқитувчилар, устоз-мураббийларнинг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг иш ва турмуш шароитини яхшилаш, жамиятдаги обрў-эътиборини оширишга муҳим аҳамият қаратилаётгани ҳақли равишда биз педагогларни фахрлантирмоқда. Ўз устимизда тинимсиз ишлаш сари ундаяпти.

Янгича фикрлаш — давр талаби

Бинобарин, бугунги замонавий устоз мутлақо янгича фикрлайдиган, чет тиллари, ахборот технологияларидан яхши хабардор мутахассис бўлиши керак.

Хусусан, олий таълим тизимида айнан шу жиҳатларга эга ўқитувчи-педагоглар контингенти қанчалик мустаҳкам ва кенг бўлса, Ўзбекистон нафақат бу борадаги ички эҳтиёжларни сифатли қондира олади, балки яқин ва узоқдаги мамлакатларга ҳам илғор таълим хизматларини таклиф этиш имкониятига эришади.

Албатта, бундай Юртбошимиз ташаббуси билан 2019 йилда қабул қилинган олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси муҳим дастуриламал ҳисобланади.

Концепция — муҳим дастуриламал

Боиси, унда бу борадаги қатор долзарб вазифалар аниқ кўрсатиб ўтилган. Қуйида уларнинг айримларини санаб ўтамиз:

— республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш;

— олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш;

— халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш, жумладан ўқув дастурларида назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига босқичма-босқич ўтиш;

— олий таълим мазмунини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшадиган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;

— олий таълим муассасаларининг академик мустақиллигини таъминлаш;

— олий таълим муассасаларида таълим, фан, инновация ва илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш фаолиятининг узвий боғлиқлигини назарда тутувчи «Университет 3.0» концепциясини босқичма-босқич жорий этиш;

— хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, пуллик хизматлар кўламини кенгайтириш ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига олий таълим муассасаларида технопарк, форсайт, технологиялар трансфери, стартап, акселератор марказларини ташкил этиш ҳамда уларни тегишли тармоқ, соҳа ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тадқиқ қилувчи ва прогнозлаштирувчи илмий-амалий муассасалар даражасига олиб чиқиш;

— олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчилари, докторантлари, бакалавриат ва магистратура талабаларининг юқори импакт-факторга эга нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этиши, мақолаларга иқтибослик кўрсаткичлари ошиши, шунингдек республика илмий журналларини халқаро илмий-техник маълумотлар базасига босқичма-босқич киритилишини таъминлаш;

— Ўзбекистон олий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи «хаб»га айлантириш;

— олий таълимнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижий таълим ва илм-фан технологияларини жалб этиш;

— талаба-ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш;

— олий таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник базасини, шу жумладан халқаро молия институтларининг имтиёзли маблағларини кенг жалб қилиш ҳисобига яхшилаш, уларни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш;

— таълимнинг ишлаб чиқариш корхоналари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини йўлга қўйиш;

— аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларнинг олий таълим билан қамров даражасини ошириш, улар учун инфратузилмага оид шароитларни яхшилаш.

Филиал ҳам — вазифалар ижросида фаол

Гувоҳи бўлганингиздек, мазкур долзарб ҳужжатда мамлакат тараққиётига дахлдор барча актуал йўналишлар қамраб олинган. Шундай экан, Концепциянинг энг катта ютуғи унинг мақсадида, десам адашмайман. Республикада олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш шулар жумласидандир.

Юқорида кўрсатиб ўтилган муҳим йўналишлар ижросида Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ҳам доим фаол бўлишга ҳаракат қилиб, бу борадаги ҳар бир масалага масъулият билан ёндашиб келяпти.

Сабаби бизнинг таълим даргоҳимизда жамият хавфсизлиги, одамлар осойишталигини таъминлаш, маҳаллаларда хотиржамлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш, жиноятларнинг олдини олишга бевосита масъул бўлган кадрлар тайёрланади.

Аниқроқ айтганда, ушбу таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилдаги 4166-сонли «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган бўлиб, бу ерда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш йўлга қўйилган.

Маҳаллага барча яқинлашмоқда

Филиалда Концепциядаги вазифалардан келиб чиқиб ўз соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшадиган, юқори малакали кадрлар етказиб бериш учун барча шароитлар яратиб берилган.

Моддий-техник база, педагоглар салоҳияти мустаҳкамланиб боряпти.

Ўз навбатида ўқув жараёнларига янги интерактив методлар татбиқ этилмоқда. Масалан, Филиалда таҳсил олаётган ёшлар учун нафақат экспертлар, амалиётчи олимлар иштирокида ўқув-семинарлари, маҳорат мактаблари ташкил этилмоқда, балки уларнинг бевосита маҳаллалар билан ишлашлари учун имконият яратиб берилмоқда. Бу эса етишиб чиқаётган кадрларни бевосита бўлажак иш жойларида амалиёт ўташлари, малака оширишлари, тобланишлари учун замин яратмоқда. Бу нафақат талабаларни, балки педагогларни ҳам маҳалла фаолиятига тобора яқинлаштирмоқда.

Умуман олганда, бундай механизм келажакда ўз формасига муносиб профилактика инспекторларини жамиятга учирма қилиш учун пухта замин тайёрламоқда. Пировардида Филиални битириб чиқаётган ёш авлод вакиллари борган жойларида эл назарига тушиб, одамларнинг ишончини оқлашлари ҳақида бот-бот эшитяпмиз. Бу барчамизга ифтихор бағишлаши қаторида, зиммамиздаги масъулият залварини янада оширади.

Барнохон Саматова,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали
Умумтаълим фанлари кафедраси доценти в.б.,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?