Бешариқда савдо ва логистика маркази ташкил этилмоқда

15:18 26 Февраль 2022 Жамият
1245 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти Бешариқ туманида қўшни Тожикистон Республикаси билан чегара ҳудудида жойлашган «Андархон» божхона чегара пости ёнида савдо ва логистика марказини барпо этишга киришилди. Шу мақсадда Бешариқ туман ҳокими қарори асосида мазкур ҳудудда 4,4 гектар ер майдони ажратилди.

— Ҳозирги кунда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 декабрь кунги қарорига кўра, «Андархон» божхона ўтказиш пункти ҳудудида савдо ва логистика маркази қурилишини бошлаш ҳамда марказга тадбиркорларни жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда, — дейди «Қўқон» ЭИЗ раҳбари Фаррух Раҳмонов. — Бу вилоятда тадбиркорликни замонавий мезонлар асосида ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, саноат, ҳунармандчилик, тикув-трикотаж маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, хорижий инвестициялар жалб этишни рағбатлантиришда ўзига хос «яшил йўлак» вазифасини бажаради.

Бу ерда кўргазмалар зали, савдо мажмуалари, замонавий офислар, биринчи ва иккинчи кириш йўлаклари, автотураргоҳ, ёнғин хавфсизлиги, тез тиббий ёрдам бинолари қад ростлайди. Шунингдек, ландшафт архитектураси асосида яшил хиёбонлар, гулзорлар, манзарали дарахтлар аллеялари барпо этилади.

«Андархон»да савдо ва логистика маркази ташкил этилиши икки қардош халқ ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?