Бешариқ ва Бувайда тумани ғаллакорлари 40 минг тоннадан ортиқ ҳосил йиғиштириб олди

14:54 21 Июнь 2021 Иқтисодиёт
307 0

Бешариқ ва Бувайда тумани ғаллакорлари Фарғона вилоятида биринчи бўлиб дон сотиш режасини бажарди.

Бешариқ туманида 3 та дон кластерлари томонидан 189 та фермер хўжаликлари билан шартнома асосида 9 минг 45 гектар ерда бошоқли дон экинлари етиштирилиб, 22 минг 400 тоннадан ортиқ ҳосил йиғиштириб олинди. Ҳар гектар ердан олинган ўртача ҳосилдорлик 60-65 центнерни ташкил этди.

Туманда ҳали ҳосили йиғиштириб олинмаган 4000 гектар ғалла майдонлари бор. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, бу йил фермерлар ҳисобида 20 000 тоннадан ортиқ буғдой қолиши кўзда тутиляпти.

Бувайдалик фермерлар хирмони 18 минг 175 тоннага етди. Бунинг учун тумандаги 196 та фермер хўжаликлари саъй-ҳаракати билан 7 минг 305 гектар майдонидаги бошоқли дон экинлари агротехник талаблар асосида парваришланди.

Қувасой шаҳри ғаллакорлари ҳам 900 тоннадан зиёд сара дон етиштириб, Бешариқ ва Бувайда тумани миришкорлари сингари пешқадамлар сафидан жой олди.

Айни кунларда Фарғона вилоятида 99 минг 500 гектар майдондаги бошоқли дон экинларини ўриб –йиғиб олиш ишлари қизғин олиб борилмоқда.

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?