Беш ташаббус доирасида мактаблар учун 1,5 млрд. сўмдан зиёд маблағ эвазига китоблар ва спорт жиҳозлари харид қилинди — Ф.УМАРОВ

13:50 02 Ноябрь 2020 Жамият
247 0

Бухоро шаҳридаги «Ёшлар маркази»да «Беш ташаббус ҳафталиги»нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Байрамона руҳда кечган тадбир аввалида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчиси Фарҳод Умаров сўз олиб, давлатимиз раҳбари томонидан ўртага ташланган бешта ташаббус доирасида амалга оширилган ишлар хусусида қисқача тўхталди.

— Ўтган давр мобайнида шу ташаббус тамойилларидан келиб чиққан ҳолда шаҳар ва туманларда кўплаб енгил конструкцияли китоб дўконлари қурилди, — деди жумладан Ф. Умаров. — Нуфузли халқаро мусобақалар, айниқса, жаҳон ва олимпиада чемпионлари ҳамда совриндорлари бўлган 16 нафар юртдошимиз спорт мактабларига раҳбарлик лавозимида иш бошлади. Таълим масканларидаги спорт секциялари сони 2800 тадан 3400 тага кўпайди. Чекка ҳудудларда кичик спорт иншооти, сунъий қопламали майдонлар қуриш истагини билдирган қирқ нафардан зиёд тадбиркорнинг лойиҳалари қўллаб-қувватланди. Ҳозир жойларда қурилиш ишлари кетмоқда. Бухоро ва Когон шаҳарлари, Қоракўл ва Олот туманларида Рақамли технологиялар тадбиркорлик марказлари очилди. Тез орада Бухоро ва Жондор туманларида ҳам шундай марказлар фаолияти йўлга қўйилади.

Яна бир далилга эътиборингизни қаратмоқчиман. Маҳаллий бюджет ҳисобидан 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилиб, турли мавзудаги 30 минг нусха китоб ҳамда 12 мингдан зиёд спорт жиҳозлари харид қилинди. 

Улар вилоятдаги 536 та умумтаълим мактабига топширилади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки , «Беш ташаббус — беш имконият» шиори остида ўтаётган ҳафталик 7 ноябргача давом этади.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?