Беш марранинг старт нуқталари

12:54 02 Ноябрь 2020 Жамият
236 0

Республикамиз Президенти томонидан илгари сурилиб, бугун турли ҳудудларда амалга оширилаётган беш ташаббуснинг мазмун-моҳияти, ёшларимиз истиқболининг бешта муҳим таянч нуқтаси қамраб олинган. Айнан шу нуқталардан уларнинг энг эзгу орзулари рўёбига старт берилади.

Нурота туманидаги Темирқовуқ қишлоғи вилоят марказидан бир юз олтмиш километр олисда жойлашган. Қишлоқда спорт мажмуаси, кутубхона ва бошқа бир қатор марказлар фаолияти йўлга қўйилган бўлса-да темирқовуқлик ёшларни бирлаштириб, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, иқтидорларини юзага чиқаришлари учун тизимли чора-тадбирлар етишмасди. Мазкур вазифалар асосида қишлоқ ёшлари ва маҳалла фаол­лари йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш, санъат ва ижодга ошно этиш, спорт билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш, ахборот-коммуника­цион технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларда турли ғоявий таҳдидларга қарши маънавий иммунитетни кучайтириш мақсадида "Йўл харитаси" ишлаб чиқилиб, унинг тақдимот маросими ўтказилди.

— Энг муҳими мазкур ишларда ёшларнинг аҳоли барча қатлами фаоллигини таъминлаш муҳим омил ҳисобланади, — дейди туман ҳокими Умарбек Халилов. — Албатта, бунда ҳар бир ёш йигит-қиз истагининг инобатга олиниши, келажакда масканнинг оммавийлигини таъминлайди. Шунингдек, ёшларни, айниқса хотин-қизларни иш билан таъ­минлаш мақсадида тикув цехининг барпо этилиши, нафақат даромад манбаи, балки мулоқот маскани ҳамдир.

Қишлоқда аҳоли, айниқса хотин-қизларнинг бандлиги асосан ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектлари орқали таъминланган. Тадбир иштирокчилари дастлаб қишлоқ аёлларининг бандлиги билан танишиб, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, худуд учун хос бўлган миллий ҳунармандчилик хусусан, гиламчилик, қуроқчилик, каштачилик билан шуғулланиш улар учун оилавий тадбиркорликка асос бўлишини таъкидладилар.

Тадбир доирасида ҳудуднинг истиқболли ёшларини қўллаб-қувватлаш, улғайиб келаётган ёш авлод интеллектуал салоҳиятини ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида қишлоқда "KARAKUL - EDUCATION" ўқув марказининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Ўқув маркази директори Отамурод Хўжамқуловнинг таъкидлашича, жами 750 миллион (шундан, 300 миллиони банк кредити) сўм эвазига бунёд этилган ўқув маркази математика, физика, кимё ва биология фанларига ихтисослашган бўлиб, қарийб 120 нафар ўқувчини ўз бағрига олади. Мазкур фанлардан дарс берадиган етти нафар ўқитувчининг тўрт нафари Қоракўл мактабининг собиқ ўқувчилари, яъни олий маълумот билан бирга ушбу мактаб услубини пухта ўзлаштирган педагоглардир.

— Аниқ фанларга қизиққан ёшларимиз Жиззах, Навоий ва Қоракўлда таҳсил олишарди, — дейди маҳалла фаоли Баҳриддин Раззоқов. – Албатта, бу ота-оналар учун моддий қийинчиликлар билан бирга доимо хавотир ҳам туғдириб турарди.

Шундан сўнг ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, спорт турлари бўйича иқтидор ва истеъдодларини юзага чиқариш мақсадида маҳорат дарслари ҳамда кўргазмали чиқишлар ташкил этилди. “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Юртим жамоли” мавзуларида расмлар кўргазмаси ташкил этилиб, тадбир якунида ғолиб ёшлар муносиб тақдирландилар.

Қишлоқда тадбир иштирокчилари маданият,санъат ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасидаги ишлар, ҳудуддаги таълим масканларида ўқувчиларни турли фан, спорт тўгаракларига жалб этиш, хусусан, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалиётга тадбиқ этилган беш ташаббус бўйича берилган топшириқлар ижросини таъминлашнинг омилларига алоҳида эътибор қаратишди. Тадбирда ёшларнинг турли йўналишдаги маҳоратлари ҳам уларда катта таасурот қолдирди. Мактаб кутубхонасига ташкилотчилар томонидан китоблар жамланмаси совға қилинди. Шунингдек, иштирокчилар мазкур таълим маскани қошида қизларни касб-ҳунарга ўргатиш борасидаги амалий ишлар билан ҳам танишдилар. Айни вақтда масканда ўқувчилар рассомчилик, тикиш ва бичиш каби йўналишларда дастлабки тажриба ва кўникмага эга бўлишмоқда.

Қишлоқ аҳолиси билан бўлган мулоқотларда оилалар хотиржамлигини таъминлаш, ёшлар таълим-тарбиясининг нозик нуқталари ҳамда тумандаги ибратли оилаларнинг иш тажрибасини оммалаштиришга доир устувор вазифаларга муҳокама этилди. Шу баҳона ибратли оилалар аниқланиб, улар ташаббускорлар томонидан рағбатлантирилди.

Тадбир ташкилотчилари қишлоқдаги нуронийлар ҳамда ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан ҳам хабар олишиб, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашди. Албатта, бу каби эзгу тадбирлардаги самимият уларни бугун шунчаки кузатган кишини ҳам эрта-индин унинг фаол иштирокчисига айлантириши шубҳасиз.

 

Темур ЭШБОЕВ
(“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?