“Белтов” оғир ҳудуддан қандай чиқарилмоқда?

12:14 04 Май 2021 Жамият
432 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - «Халқ сўзи»

Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва бевосита кўмаги билан Оролбўйидаги ҳар бир овул обод масканга айлантирилмоқда. Табиийки, бунда Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўляпти. Ушбу ҳужжат асосида дастурга киритилган ҳудудларда кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилаётир. 

Бу борада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг энг олис туманларидан бири — Тахтакўпир туманидаги  “Белтов” овул фуқаролар йиғинида бўлдик.

Овул туман марказидан 40 чақирим олисда жойлашган бўлиб, шу пайтгача шароити оғир ҳудуд ҳисобланган. Ушбу овулни оғир ҳудуддан чиқаришга қаратилган тадбирлар ўтган йилда бошланган эди.

Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори дастурига ушбу овул ҳам киритилгач, бу борадаги ишлар янада жадаллашиб кетди.

Бундан, албатта, 2-сектор масъулларининг ҳам ҳиссаси катта бўляпти.

— “Белтов” овул фуқаролар йиғинини оғир ҳудуддан чиқариш ишлари сойни қазиш ва унга сув келтиришдан бошланган эди, — дейди Тахтакўпир тумани прокурори, адлия маслаҳатчиси П. Халмуратов. — Негаки, сувсизлик оғир аҳволга тушишига сабабчи бўлган асосий омиллардан бири бўлгани учун ҳам республика раҳбарияти, аввало, мазкур масалага эътибор қаратди. Ушбу сойда қазиш ва атрофини ободонлаштириш ишларига 70 дан ортиқ техникалар жалб қилинди.

Ҳозирги кунда ушбу сой бўйида игна баргли манзарали дарах кўчатлари экилган. Ушбу кўчатлар ва ҳудуд бўйлаб экиладиган майса (газон)ларни суғориш ва ҳудудда мавжуд сувлардан самарали фойдаланиш мақсадида сув тежовчи технологияларни ўрнатиш ҳам режалаштирилган. Ҳудуддаги ташландиқ ҳолатга келиб қолган эски чорва фермаси ҳам таъмирланиб, фойдаланиш учун тайёр ҳолга келтирилди.

Тумандаги 2-сектор томонидан ушбу фермада қўшимча иш ўринларни яратиш мақсадида ташаббускор чорвадорга кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилди. Яқин кунларда наслдор қўйлар олиб келиниб, ҳудуддаги бир неча аҳолининг бандлиги таъминланади. Аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида мавжуд 167 та хонадонларга 277 та газ баллонлари етказиб берилди. Шунингдек, овул аҳолиси хонадонларига тандирлар ҳам қуриб берилмоқда.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бугун “Белтов” овули қурилиш майдонига айланган. “Белтов” ОФЙ маъмурий биносида, 15-сонли мактаби ва 13-сонли мактабгача таълим ташкилоти биносида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳудуд марказидаги эски, ташландиқ аҳволга келиб қолган маданият маркази таъмирланмоқда. Ҳудуддаги 99 та хонадоннинг том қисми тўлиқ шиферланиб, 1 та ташландиқ ҳолатда ётган хонадоннинг том қисми ёпилди.

Ички йўлларнинг 5 км. масофасига қум-шағал ётқизилди, 2,81 км. пиёдалар йўлакчаси қурилди. 2,09 км. масофадаги эски ариқ бетонлари олиб ташланиб, 170 метр янгидан қурилди. Шунингдек, 5,2 км. электр тармоқлари янгидан тортилиб, 81 дона темир бетон симёғочлар ва 28 та тунги ёриткич чироқлари билан жиҳозланди, 2 та транформатор ўрнатилди. Сувни чучуклантирувчи станциядан янги қувирлар тортилиб, «Белтов» овули аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижросини таъминлаш, бу борада турли талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида қурилиш ишлари олиб борилаётган манзилда “Прокуратура штаби” ҳам ташкил қилинган.

Туман прокурори ўзининг жамоаси учун ажратилган махсус контейнерда куннинг ҳар қандай вақтида бўлиши, ишчи гуруҳ аъзолари билан қурилиш лойиҳаларини муҳокама қилиш учун шароит яратилган.  Сектор раҳбари нафақат қурилиш жараёнларини назорат қилади, балки овул аҳолиси орасида уйма-уй юриб, улар билан суҳбатлар ўтказади аҳолининг муаммоларини ўрганади.

Ўрганишлар натижасида олдин темир дафтарга киритилган 3 та оилага тикув машиналари берилган бўлса, 4 та фуқарога 36 бош ечки имтиёзли кредит асосида ажратиб берилди.

Эътиборлиси, 2-сектор ҳудуди ҳисобланган «Белтов» овулида айни пайтга келиб «темир дафтар»га киритилган ишсизлар қолмаяпти. Мавжуд ишсизларга банк кредитлари олиш, иссиқхоналар қуриб бериш ва чорва билан шуғулланишга яратилган шароитлар орқали аҳолининг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилган. Ҳудудда яшовчи 20 нафар хотин-қиз тикувчилик касбига ўргатилиб, сертификатларга эга бўлишди.

Қисқаси, биз ҳикоя қилаётган “Белтов” овулида ҳеч бир масала эътибордан четда эмас. Барча муаммолар 2-сектор масъуллари ўз назоратига олишган.

 

Ғайрат ОТАЖОНОВ 
(«Халқ сўзи»).

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?