Беллашувларда жуда кўп техник нокаут кузатилди

14:42 21 Ноябрь 2020 Спорт
336 0

Ғазалкент шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда бокс бўйича Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати бир қатор эътиборга молик натижалар билан якунланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Тўрт кун давом этган мусобақада 130 нафарга яқин чарм қўлқоп устаси олтита вазн тоифаси бўйича яккалик ва жамоавий биринчилик учун кураш олиб борди. Офицерлар, сержантлар, курсантлар ва муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган ҳарбий хизматчилар ўтказилган ҳар бир жангда чемпионлик учун муросасиз кураш олиб борди. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округида ўз йигитлик бурчини ўтаётган оддий аскар Азизхон Абдуллаев 69 кг вазнда рингга кўтарилиб, унутилмас ғалабага эришди. Азизхон ҳал қилувчи беллашувда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Азизбек Қаҳрамоновни яққол устунлик билан мағлуб этди. Қолган бешта вазннинг барчаси шартнома бўйича ҳарбий хизмат қилиб, юрт тинчлигини қўриқлаётган кичик сержантларнинг ғалабаси билан якунланди.

Кичик сержант Жаҳонгир Давидов (Махсус авария-тиклаш бошқармаси, 63 кг), муддатли ҳарбий хизматчи Азизхон Абдуллаев (Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи, 69 кг), кичик сержант Фахриддин Маматхўжаев (Ғазалкентда жойлашган ҳарбий қисм, 75 кг), кичик сержант Исломбек Мўминов (Тошкент ҳарбий округи, 81 кг), кичик сержант Ҳусанбой Худайназаров (Ғазалкентда жойлашган ҳарбий қисм, 91 кг) ва кичик сержант Сергей Қурбонов (Ғазалкентда жойлашган ҳарбий қисм, +91 кг) ўз вазн тоифаларида Ўзбекистон чемпиони деган шарафли ютуқни қўлга киритди. Финал баҳслари шу қадар шиддатли ва муросасиз курашларга бой бўлдики, уларнинг деярли барчасида ғолиблар ўз рақибларини муддатидан олдин техник нокаутга учратди.

— Бокс билан 10 ёшимдан шуғулланиб келаман. Биринчи марта Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлганимдан ғоят мамнунман, — дейди 91 кг вазнда чемпион бўлган Ҳусанбой Худайназаров. —  Ярим финалда рақибимни бироз қийинчилик билан ютгандим. Ушбу ғалаба чемпион бўлишимда ишонч уйғотди. Илгари ҳам республика миқёсидаги мусобақада ғолиб бўлганман. Энди халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун бор имкониятимни ишга соламан.

Ғолиб ва совриндорлар медаллар, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Жамоавий ҳисобда биринчи ўринни қўлга киритган Ғазалкент шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмга Мудофаа вазирлигининг махсус Кубоги топширилди. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи ҳамда Тошкент ҳарбий округи терма жамоалари иккинчи ва учинчи ўриндан жой олди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?