Бектемир Мелиқўзиев — «тилла бола»

15:27 30 Ноябрь 2020 Спорт
602 0

Бектемир Мелиқўзиев бокс бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё, жаҳон ва олимпиада чемпиони. Катталар ўртасида Осиё чемпиони, жаҳон ва олимпиада ўйинлари совриндори. Профессионал рингда 6 та учрашув ўтказиб барчасида ғалаба қозонган. Эътиборлиси, Бектемир профессионал рингдаги олтита жангида ҳам рақибларини муддатидан олдин мағлубиятга учратди.

Тенгдошлари билан Фарғона вилоятининг Фурқат туманига қарашли Шойимбекнинг ёзда чанг, қишда лой кўчаларида ўйнаб юрадиган қаҳрамонимиз вақт топиб, ҳовлидаги ёнғоқ дарахтига илиб беришган қум тўлдирилган қопни ҳам роса «дўппосларди». Акалари Рустамжон ва Мавлонжонга нисбатан шўхроқ бўлгани учун онаси Наврўза опа тинмай отасига кенжайтойни тезроқ бирор бир тўгаракка бериш кераклигини таъкидларди. Шу тариқа отаси Рўзматжон Сулаймонов кенжа ўғлини Фуқрат туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг бокс тўгарагига олиб борди.

Биринчи мураббийи Маъруфжон Аҳмедов қўлида бокс билан 10 ёшидан шуғулланишни бошлаган қаҳрамонимиз тез орада кўчадаги урушқоқ боладан ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган, қийинчиликлардан қўрқмайдиган ва иродали спортчига айланди. Тенгдошлари, боксчи дўстлари камтарлиги, юксак одоби туфайли ҳазилона оҳангда уни «Бектемир — тилла бола», дея эркалатишади.

— Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров спортсевар раҳбар эканлиги, айниқса, футбол ва боксни яхши кўриши ҳақида илгари кўп эшитгандим,-дейди суҳбатдошимиз. — У киши Наманган спортини ривожлантириш учун жуда катта ҳажмдаги ишларни амалга оширгани ҳақида Ўзбекистон терма жамоасидаги шеригим, наманганлик машҳур боксчи Муроджон Аҳмадалиев ҳам гапириб берган.

Яқинда Хайрулло Бозоров билан учрашув жараёнида вилоятимиз раҳбарининг спорт соҳасига жуда эътиборли эканликларига яна бир бор амин бўлдим. Хайрулла ака Фарғона спортини янги босқичга кўтариш ниятида эканлар.Менга ҳам профессионал боксда жаҳон чемпиони бўлишим учун эзгу тилакларини билдирди.

Машҳур боксчи Бектемир Мелиқўзиев ўзининг бокс мактабини очишни режалаштирган ва бу борада дастлабки саъй-ҳаракатларга киришилди. Шу йилнинг декабрь ойида эзгу ташаббус доирасида Бектемир ўзининг илк бокс залини фойдаланишга топширишни мақсад қилган. Бу келажакда боксчи томонидан бунёд этилиши режалаштирилаётган бокс мактабининг пойдевори бўлади.

Б. Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?