Бекобод шаҳар ҳокими ўз лавозимини расмий тарк этди

12:46 25 Май 2022 Жамият
521 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун Тошкент вилоятининг яна бир саноат ҳудудида янги раҳбар иш бошлади.

Тошкент вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев иштирок этган Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари 66-сессиясида ана шундай тўхтамга келинди. Депутатлар, секторлар раҳбарлари, фаоллар аслида бундай ўзгаришни кутаётган эди. Чунки Бекобод шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келган Зафар Файзуллаев ишдан бўшашга қарор қилгани май ойининг биринчи ўн кунлигида маълум бўлганди.

2020 йилнинг август ойида, Мустақиллик байрами арафасида Тошкент вилоятидаги ўнлаб катта-кичик раҳбарлар, ишлаб чиқариш илғорлари қаторида Бекобод шаҳар ҳокими бўлган Зафар Файзуллаев ҳам тақдирланган, унга «Дўстлик» ордени берилган эди. Бироқ сессияда таъкидланганидек, шаҳарда «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» давлат дастурлари ижроси суст амалга оширилди. Шаҳар аҳолисининг коммуникация тизими фаолиятидан норозилиги кучайди. Шунингдек, муҳим саноат ҳудудида шу тармоқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми ҳам пасайиб борди. Солиқ хизмати, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида қатор муаммолар юзага келди. Буларни теран англаган Зафар Файзуллаев жорий йил 12 май куни Фейсбукдаги саҳифасида ишдан кетишга қарор қилганини ёзиб қолдирган, ота-боболаримиз одатига кўра, бекободликлардан еган нон-тузи учун розилик сўраган эди.

Хуллас, вилоят раҳбарининг тавсиясига кўра, шу кунгача, Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган Насрулло Бабаев Нуриллаевич Бекобод шаҳрининг янги ҳокими сифатида таништирилди.

Н. Бабаев олий маълумотли мутахассис. Тошкент архитектура-қурилиш институтининг бакалавр ва магистр дипломларига эга.

Собиқ шаҳар ҳокими Зафар Файзуллаевнинг кейинги фаолияти ҳақида маълумотлар очиқланмади.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер