Барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг жойларда ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди

21:02 01 Декабрь 2020 Сиёсат
217 0

Бугун, 1 декабрь куни Барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг видеоконференсалоқа тизими орқали йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Парламент комиссиясининг аъзолари, Барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши мутасаддилари, вилоятлар ҳокимлари, бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Парламент комиссияси Ҳамраиси Танзила Нарбаева олиб борган йиғилишда Барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2-, 3- ва 5-мақсадлари бўйича жойларда олиб борилган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари юзасидан Парламент комиссияси аъзолари Б.Тажиев, Ф.Эшматова ва О.Иминовнинг ахборотлари эшитилди.

Бундан ташқари, ушбу масалалар юзасидан қишлоқ хўжалиги вазири, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ҳамда соғлиқни сақлаш вазирининг ҳисоботлари тингланди.

Йиғилишда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш, гендер тенгликни таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли саломатлигини сақлаш борасидаги ишлар таҳлилий-танқидий муҳокама қилинди.

Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларида озуқа микроэлементларининг танқислиги болаларда камқонлик, А витаминининг етишмаслигини келтириб чиқарган. Масалан, жорий йилда 6-59 ойлик болалар орасидаги камқонлик Бухорода 23 фоиз, Сирдарёда 17 фоизни, А витаминининг етишмаслиги ҳолати тегишинча 2 ва 9 фоизни ташкил этган.

Ўсишдан орқада қолаётган болалар сони йилдан-йилга ортиб бораётганлиги кузатилган. Хусусан, ушбу кўрсаткич 2019 йилда 2018 йилга нисбатан Сирдарё вилоятида 37,5 фоиз, Бухоро вилоятида 14,2 фоизга кўпайган.

Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, хавфсизлиги, етарлилиги ва оммавийлигини ўрганувчи Глобал озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги индексида 109 та мамлакат орасида Ўзбекистон 64-ўринни эгаллаган. Бироқ ушбу индекснинг хавфсизлик индикаторида мамлакатимиз 83-ўринда.

Асоратли ва нуқсонли туғруқлар сони ортган. Бундай ҳолатлар 2019 йилда 2018 йилга нисбатан Тошкент вилоятида 88 фоиз, Самарқандда 21 фоиз, Андижонда эса 9 фоизга кўпайган.

Бундан ташқари, вояга етмаган қизлар орасида эрта туғруқнинг салбий оқибатлари тўғрисидаги тарғибот тадбирлари, иқтисодий жиҳатдан қийин шароитдаги оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Оқибатда вояга етмаган 15-17 ёшли қизлар ўртасида туғруқ ҳолати Тошкент вилоятида жорий йилда 2019 йилга нисбатан икки бараварга, Самарқандда эса 27 фоизга ошган.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилот ва муассасалар айрим мансабдор шахсларининг ҳуқуқий маданиятининг етарли эмаслиги хотин-қизларга нисбатан иш жойида камситиш ва тазйиқ ўтказиш ҳолатларининг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Масалан, 2020 йилнинг 9 ойи давомида бундай ҳолатлар юзасидан Фарғона вилоятида аёлларнинг 88 та мурожаатидан 45 таси, Қорақалпоғистон Республикасида 24 тадан 21 таси ўз тасдиғини топиб, қаноатлантирилган. Бу каби ҳолатлар асосан тиббиёт ва таълим тизимида кузатилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида 2020 йилнинг 9 ойи давомида жами 6,1 минг нафардан ортиқ хотин-қиз тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган. Бундай ҳолатлар асосан Андижон вилоятида кенг тарқалган бўлиб, уларнинг сони 2018 йилдаги 948 тадан, 2019 йилда 1026 тага етган.

Қолаверса, 2020 йилнинг 9 ойи давомида 2018 йилга нисбатан никоҳдан ажралиш натижасида фарзанд учун алимент тўламаётган эркаклар сони тобора ортиб, Фарғона вилоятида 521 тадан 688 тагача, Қашқадарё вилоятида 201 тагача, Қорақалпоғистон Республикасида 16 тадан 47 тагача етган.

Қайд этиш жоизки, жорий йилда Германиянинг Бертельсман фонди томонидан Барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичларига эришиш бўйича ҳисоботида Ўзбекистон 193 та мамлакат орасида 66-ўринни эгаллади.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилиши бўйича келгусида қилиниши лозим бўлган вазифалар хусусида келишиб олинди.

Шунингдек, Парламент комиссияси аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олиб, Парламент комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?