Бариатрик жарроҳлик нима? Бу амалиётни Самарқандда йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда

13:06 24 Ноябрь 2021 Жамият
248 0

Фото: Халқ сўзи

Яқинда халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши Республика ихтисослашган эндокринология илмий амалий тиббиёт марказининг вилоят филиалида бариатрик жарроҳликни амалиётга татбиқ этиш учун бюджетдан 1 миллиард 265 миллион сўм ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди. Нега?

Бугунги кунда семизлик дунё аҳолисининг соғлиғига жиддий хавф солаётган муаммолардан бири ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 2 миллиард одам ортиқча тана вазнига эга. Уни даволашда энг кенг қўлланиладиган усуллардан бири “бариатрия” жарроҳлиги (грекча - семизликни даволаш) ҳисобланади. Бариатрия парҳез ва медикаментоз усулларни ҳам ўз ичига олишига қарамасдан, у ҳақида гап кетганда кўпчилик жарроҳлик усулини кўз олдига келтиради.

Тана вазни индексининг 35кг\м2 дан ошиқлиги, семизлик фонида қўшимча касалликларнинг бўлиши ва тез ривожланиб боришида бариатрик жарроҳликка кўрсатма берилади. Шунингдек, турли терапевтик даво усулларининг самарасизлиги ҳам бу усулни қўллашни тақозо қилади.

Ҳомиладорлик ва лактация даврида, анамнезда турли руҳий касалликлар бўлиши, алкоголизм ва наркомания, умумий анестезияга қарши кўрсатма бўладиган касалликларда бариатрик жарроҳлик амалга оширилмайди.

Бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида бариатрик хирургия кенг йўлга қўйилган. Бироқ ушбу жарроҳлик усули учун анча катта маблағ сарфланади. Масалан, Туркияда 5 500, Австралияда 25 000, Буюк Британияда 8 000-15 000, Бирлашган Араб Амирликларида 13 000, Ҳиндистонда 6 500-8 000 доллар.

Ўзбекистонда бариатрик жарроҳлик янги даво усулларидан бўлиб, амалиёт кўпроқ хусусий шифохоналарда чет эллик мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўтказилади. Шу боис Республика эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида мазкур даволаш усулини амалиётга татбиқ этиш режалаштириляпти.

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг қарори билан ушбу мақсад учун маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 265 миллион сўм ажратилиши белгиланди.

Савол туғилиши табиий, вилоятда бундай жарроҳлик амалиётларини ўтказадиган мутахассислар борми? Айтиш мумкинки, марказнинг эндокринолог-диетолог, реаниматолог, жарроҳ мутахассислари дунёнинг кўзга кўринган клиникаларида малака оширмоқда. Яъни яқин кунларда бариатрик жарроҳлик усули Самарқанд вилоятида йўлга қўйилиб, халқимиз учун катта қулайликлар яратилади. Ўйлаймизки, бу тиббий туризмнинг ривожланишига ҳам замин яратади.

Гулзода Негматова,

Республика эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиали бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?