Банк томонидан давлат хусусий шерикчилик асосидаги лойиҳаларни молиялаштириш кечикмоқда. Депутатлар ҳолатни муҳокама қилишди

19:39 31 Март 2021 Иқтисодиёт
516 0

— Қашқадарёда давлат хусусий шерикчилиги асосида барпо қилинаётган мактабгача таълим муассасаларини молиялаштириш «Asian alliance bank» ва «Агробанк» акциядорлик тижорат банклари томонидан амалга оширилаётган бўлиб, 2020 йилда 38 та шундай лойиҳага 27 млрд 200 млн сўм имтиёзли кредит берилди, — дейди Марказий банк Қашқадарё вилоят бош бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳодир Шаропов Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги OʼzLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишида берган ҳисоботида. —Энди давлат хусусий шерикчилиги асосидаги 16 та лойиҳа молиялаштирилмай турганига Молия вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан имтиёзли кредит учун ресурс ажратилмаётгани сабаб бўлмоқда. Ресурс ажратилса, албатта, тадбиркор ва давлат хусусий шерикчилиги асосида белгиланган меъёрларга амал қилинган ҳолда 16 та мактабгача таълим ташкилотини барпо қилиш учун кредит берилади.

Шунингдек, депутатлик гуруҳи йиғилишида мактабгача таълим бошқармаси бўлим бошлиғи Ферузбек Жабборов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бўлим бошлиғи Ваҳоб Примов ҳисоботи эшитилар экан, маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан давлат хусусий шерикчилик асосида амалга оширилаётган ишлар бугунги кун талабига жавоб бермаётгани айтиб ўтилди. Хусусан, Қарши шаҳридаги 4-сонли оилавий поликлиника эски биноси негизида давлат хусусий шерикчилиги асосида кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил этиш, Косон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли фойдаланилмаётган, таъмирталаб сув тозалаш иншооти негизида давлат хусусий шерикчилиги асосида тиббий диагностик лаборатория очиш бўйича бажарилаётган ишлар ҳамда муаммолар ҳақида сўз юритилди.

Депутатлик гуруҳи йиғилишида давлат хусусий шерикчилик асосидаги лойиҳаларни амалга оширишда ташкилот раҳбарлари ва маҳаллий Кенгаши депутатлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?