Бахтли бўлишга барча ёшларнинг ҳаққи бор

19:04 29 Июнь 2020 Сиёсат
1473 0

Ҳар йили мамлакатимиздаги Меҳрибонлик уйларини 18 ёшга тўлган минглаб ёшлар тарк этади. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бу ўғил-қизларимиз мустақил ҳаётга қадам қўйишлари билан кўплаб муаммоларга дуч келадиларки, буни уларнинг ўзлари ҳал қила олмайди. Ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусан, уй-жойга ва меҳнат қилишга бўлган ҳуқуқини талаб қилиш, психологик қийинчиликларни енгиш, кўплаб маиший масалаларни ҳал қилиш шулар жумласидандир.

Мутахассислар фикрича, давлат қарамоғида вояга етган ёшларимиз кўпинча ҳаётда тўғри йўл топишга қийналади. Боиси, аксарият ҳолларда улар бунга тайёр бўлмайди, чунки мавжуд таълим-тарбия тизими ёшларнинг тўла оёққа туришига қаратилмаган. Ваҳоланки, улардан ҳар бирининг тақдирига жамиятимиз бефарқ эмас. Негаки, бу ёшлар республикамиз учун улкан бир салоҳиятки, уни рўёбга чиқариш, энг аввало, шу болаларнинг бахтли бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топишида жуда муҳим.

Шу сабабли Олий Мажлис Сенати аъзолари томонидан ушбу масалага катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, яқинда Сенат ишчи гуруҳи томонидан Хлебушкина номидаги 22-Меҳрибонлик уйи фаолияти ўрганиб чиқилди. Бунда муассасада ўқувчилар учун яратилган шароит, ижтимоий соҳа бўйича қилинаётган ишлар ва битирувчилар бандлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар инобатга олинди. Ўрганиш жараёнида энг асосий муаммо битирувчиларни иш билан таъминлаш, ўқишга жойлаштириш ҳамда уй-жой ажратишдан иборат эканлиги маълум бўлди.
 

2019-2020 ўқув йилда ушбу муассасани 22 тарбияланувчи битираётир, уларнинг 10 нафари чин етим, 6 нафарининг эса уй-жойи йўқ. Шу боисдан Меҳрибонлик уйи раҳбарияти томонидан ҳокимликларга уй ажратиш бўйича хат юборилган. Маълумотномага кўра, охирги икки йилда битирувчиларнинг барчаси иш билан таъминланган. Бу, албатта, эътиборимизни тортмасдан қолмади. Аввалига муассаса раҳбарлари тегишли ташкилотлар билан яхши ишлаётган экан, деган фикрга бордик. Аммо улардан баъзиларига қўнғироқ қилинганимизда, афсуски, ушбу ёшлар қайси корхона ва қандай лавозимда ишлаётганликларини аниқ айтиб беришолмади...

Шу ўринда бир мулоҳаза. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 октябрдаги қарори билан тасдиқланган низомда Меҳрибонлик уйларига болаларни қабул қилиш тартиби белгиланган, лекин тарбияланувчиларни чиқариш тартиби ҳамда бандлиги таъминлаганини назоратга олиш, уй-жой ажратилганини ва уларнинг кейинги ҳаётини мониторинг қилиш кабилар эса назарга тутилмаган. Ана шундай долзарб масалаларда меъёрий асос мавжуд эмаслиги шундоқ ҳам ота-она меҳридан мосуво ёшларнинг ҳаётда кўплаб қийинчиликка дуч келишига, уларнинг олдида ўзини йўқотиб, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб кетиши, турли иллатлар таъсирига тушиб қолишига олиб келяпти. Аслида бу шунчаки муаммо эмас, катта фожеа.

Иккинчи манзилда бунинг аксини кўрдик. Ўзбекистон “SOS-Болалар Маҳалласи” уюшмаси Тошкент шаҳар филиали болалари бошқа муассасада тарбияланаётган тенгдошларидан ҳар томонлама фарқланиб турарди. Мазкур муассасанинг бошқа Меҳрибонлик уйларидан фарқи шундаки, бу ерда болалар кичик оилаларда тарбияланади. Бир нафар она-тарбиячига 4-6 тагача бола бириктирилади ва улар алоҳида коттежда яшайди. Шуниси эътиборга моликки, маҳаллада тарбияланаётган ҳар бир бола учун алоҳида шахсий ривожлантириш режаси ишлаб чиқилган. Тарбияланувчилар 16 ёшга тўлгач “SOS-Болалар Маҳалласи” қошидаги «Ёшлар уйи»га кўчиб ўтади. Ҳозир Юнусободда қизлар учун, Чилонзор туманида йигитлар учун алоҳида-алоҳида «Ёшлар уйи» фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда улар камида 4-5 йил давомида, токи бутунлай оёққа тургунича яшайди. Халқаро амалиётда бу усул узоқ муддатли васийлик деб номланади.

Қизлар учун мўлжалланган «Ёшлар уйи» раҳбари Мақсуд Қаюмовнинг сўзларига кўра, бу ерда асосий эътибор тарбияланувчиларнинг сонига эмас, тарбия сифатига қаратилади. Қизлар нафақат ўрта-махсус ва олий таълим олади, балки психология, турли ҳунар сирларини ҳам ўрганадилар. Айниқса, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, бўш вақтини унумли ўтказиш, замонавий ахборот-технологияларидан кўникмасини ошириш доимий диққат марказида. Йигит-қизлар ўз қизиқишидан келиб чиқиб, касб-ҳунар коллежи, академик лицей ҳамда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширади. Битиришидан бир йил аввал раҳбарият туман бандлик бўлимига уларни мутахассисликлар бўйича ишга жойлаштириш ҳақидаги мурожаат қилади. Қарабсизки, ҳаммаси ўз иш жойига эга бўлади. Йигит-қизларни мустақил ҳаётга кузатиш бир неча мезонлар асосида амалга оширилади. Яъни касб эгаллаши ва психологик жиҳатдан мустақил ҳаётга тайёрлиги, уй билан таъминланганлик даражаси шулар жумласидан. Булардан бирортаси бўлмаган тақдирда, тарбияланувчи мустақил ҳаётга кузатилмайди.

Табиийки, буларнинг барчаси бизни қувонтирди. Аммо бошқа жиҳат ўйга толдирди. Гап шундаки, болалар маҳалласидаги оилалар битта доимий она-тарбиячи ва бирга яшайдиган етти нафардан кўп бўлмаган болалардан иборат, ота эса йўқ. Ваҳоланки, бола тарбиясида ва жамият талабларига мослашувида отанинг ўрни беқиёс. Шу маънода, мутасаддилар бу масалани ҳам ўйлаб кўрсалар, нур устига аъло нур бўлар эди.

Умуман, “SOS-Болалар Маҳалласи” уюшмаси тажрибасини Республика ҳудудидаги барча Меҳрибонлик уйларига татбиқ қилинса, натижалар шунга яраша бўларди. Энг асосийси, битирувчилар жуда эрта, тегишли кўникмага эга бўлмай туриб мустақил ҳаётга рўбарў келмайди. Зеро, ушбу ёшларимиз ҳам юртимизда баркамол авлод вакилларига яратилаётган шарт-шароитдан баҳраманд бўлиш ва пировардида бахтли ҳаёт кечиришга ҳақлидирлар.

Малика ҚОДИРХОНОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер