Бахши Фозил Йўлдош ўғлининг 150 йиллиги кенг нишонланмоқда

Фото: Иллюстратив cурат
Давлатимиз раҳбарининг самарқандлик сайловчилар билан учрашувида булунғурлик эл таниган бахши Фозил Йўлдош ўғли таваллудининг юбилей санасини кенг миқёсда ўтказиш таклифи илгари сурилган эди.
Мазкур ташаббус асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 апрелдаги қарорига кўра, юртимизда буюк бахши-шоир, халқимизнинг суюкли фарзанди Фозил Йўлдош ўғлининг 150 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Қолаверса, бахши-шоир туғилиб ўсган Булунғурда унинг фаолияти ва ижодини ёритиш, адабий меросини янада оммалаштириш, шоир хотирасини абадийлаштиришга қаратилган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Бахши Фозил Йўлдош номи билан боғлиқ объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун Самарқанд вилоят бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 4,7 миллиард сўм маблағ ажратилди. Фозил Йўлдош номи билан аталувчи маҳалладаги ўтган асрнинг 80 йиллари сўнгида уй-музейга айлантирилган бино ўрнида 3,3 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий бино барпо этилди ҳамда унга туташ ҳудудлар обод қилинди.
Уй-музейда Самарқанд бахшичилик мактаби, хусусан, Фозил Йўлдош ўғли ҳаёти ва ижодига оид экспонатлар, туманнинг фольклор гуруҳлари фаолияти, эришилган ютуқлари кўргазмаси ташкил этилди. Музей ёнида жойлашган маданият уйи биноси қайта таъмирланди, бино атрофидаги бир гектарга яқин майдон ободонлаштирилиб, аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун зарур шароит яратилди. Ҳовлида Фозил Йўлдош ўғлининг бюсти ўрнатилди. Миллий руҳда безатилган фаввора, кенг ва кўркам хиёбон ҳудуд чиройини янада очган.
Шунингдек, М-39 халқаро автомобиль йўлининг Булунғур туман ҳудудидан ўтган қисмида Фозил Йўлдош музейи, Фозил Йўлдош зиёратгоҳи, Фозил Йўлдош хиёбонига олиб борувчи йўл кўрсаткичлар ўрнатилди. Бундан ташқари юбилей олдидан туман марказидаги Фозил Йўлдош хиёбонида ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бу ерга шоирнинг улкан ҳайкали ўрнатилди. Ҳайкал атрофидаги иншоот барельеф жанридаги ижод намунаси билан безатилди. Унда маҳоратли рассом Саид Ибрагимов томонидан «Алпомиш» достонининг асосий қаҳрамонлари акс эттирилган.
Бир гуруҳ нуронийлар, жамоатчилик фаоллари ва бахши-шоир қариндошларининг таклифи билан мазкур хиёбонда жойлашган бахшининг қабри Бўдана маҳалласидаги «Ғиштли ота» қабристонига, яқин қариндошлари ёнига келтирилиб, шоир руҳи шу ерда мангу қўним топди. Шоир қабри жойлашган ҳудуд обод қилиниб, халқ бахшисининг қабрини зиёрат қилишга келадиган кишилар учун зарур шароит яратилди.
Бахши Фозил Йўлдош таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан Булунғурда бугун кенг кўламли маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди. Хусусан, эрта тонгдан туман марказига йиғилган меҳмонлар Фозил Йўлдош номи берилган хиёбонда жойлашган бахши ҳайкали пойига гул қўйишди. Сўнгра тадбир иштирокчилари Фозил Йўлдош ўғли ёдгорлик музейи томон йўл олишди. Бу ерда бахши хотирасига атаб бунёд этилган музей ва хиёбонининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев сўз олиб, бахши хотирасини абадийлаштириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди.
Шунингдек, ушбу масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этган, улуғ оқин маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этишда фидойилик кўрсатиб келаётган юртимиз олим ва зиёлиларига, маънавият тарғиботчиларига вилоят аҳли номидан миннатдорлик билдирилиб, янги маърифат маскани билан барча юртдошларимиз қутланди. Шундан сўнг рамзий ленталар кесилиб, меҳмонлар музейдаги қимматбаҳо экспонатлар билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, кун давомида бахши-шоир номидаги маҳаллада жойлашган 20-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида Республика бахшилар кўрик-танлови бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг турли манзилларидан келган бахшлар ўз чиқишлари билан барчани хушнуд этди.
Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар ва кўрик-танлов иштирокчилари, фольклоршунос олимлар ва халқ бахшилари билан учрашув бўлиб ўтди.
Фозил Йўлдош ўғли номини йиллар ўтсада, халқимиз ардоқлаб тилга олиши бежиз эмас. Бу беназир иқтидор, тинимсиз меҳнат, фавқулодда хотира эгаси бўлиш, ҳаёт тажрибасини айтилаётган асарларга сингдириш, маҳорат ва букилмас ирода маҳсули экани кундай равшан.
Фозил Йўлдош ўғли «Алпомиш», «Ёдгор», «Ширин билан Шакар», «Муродхон», «Рустамхон», «Малика айёр», «Машриқо», «Интизор», «Балогардон», «Нурали», «Жаҳонгир», «Фарҳод ва Ширин» каби достонларни истаган пайтда, исталган лавҳадан айтиб кетавериш салоҳиятига эга эди.
Фозил Йўлдош ўғлининг ўнлаб достонлари халқ оғзаки ижоди туркумида юзлаб босма табоқда нашр этилди. Бугунги кунда бахшидан ёзиб олинган терма ва достонлар, унинг ижоди таҳлил қилинган китоб ва мақолалар сони 500 га етди.
Бинобарин, ўзбек достончилигида машҳур ва улкан бахши сифатида шуҳрат қозонган Фозил Йўлдош ўғлининг ҳаётини, ижодини ўрганиш, унинг бой маънавий меросини авлодларга етказиш айни заруратдир.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Бошқарув соҳасида хотин-қизлар улуши неча фоиз экани маълум қилинди
- Президент Шайхонтоҳур туманидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказида бўлди
- «Реал» бразилиялик юлдузини ашаддий рақибларидан бирига сотиб юбориши мумкин
- Мактаб ерини кўп қаватли уйлар қурилиши учун пулламоқчи бўлган мансабдорлар қўлга тушди
- Долларнинг сўмга нисбатан қиймати янгиланди
- Шавкат Мирзиёев Янги Камолон маҳалласида бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг