Байрам туҳфаси: маҳаллалар энди янги бинода

16:01 25 Август 2025 Жамият
206 0

Истиқлолнинг 34 йиллик байрами арафасида Сурхондарё вилояти Музработ туманидаги Меҳнатобод, Олмазор, Файзиобод ва Моҳият маҳаллаларининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Туман ҳокимлиги масъуллари, мутасаддилар, оқсоқоллар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида маҳаллаларнинг янги идораси очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда маҳалла тизимига алоҳида эътибор қаратилаётгани, маҳалла фуқаролар йиғинлари учун мослаштирилган янги бинолар барпо этилиб, самарали фаолият олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани таъкидланди.

— Янги бинода фаолият бошлаб, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, жиноятчиликни камайтириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган вазифаларни амалга оширишда янада самарали ишлаймиз, — дейди Олмазор маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Маматмўминов. — Мустақиллик байрами олдидан бу бино халққа хизмат қилиш учун берилган катта имконият бўлди. Энди бизда барча шароит бор, асосий мақсадимиз одамлар ҳаётини янада яхшилашдир.

Туман ҳокимлиги кўмаги билан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан барпо этилган янги биноларда нафақат маҳалла раиси, котиби ва хотин-қизлар фаоли учун, балки маҳалла еттилиги таркибидаги ҳар бир соҳа вакилига алоҳида хоналар ажратилган. Ҳар бир хона зарур мебеллар билан жиҳозланган. Масъуллар компьютер жамланмаси билан таъминланган.

Фарҳод ЭСОНОВ

«Халқ сўзи».                                                                                                            

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?