Байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтишни тақиқлаш борасидаги ташаббус амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмайди — Маданият вазирлиги

Фото: Иллюстратив фото
Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда «Фарғонадаги вилоят байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтиш тақиқланди, энди ижрочилар саҳнада чолғучилар билан бирга жонли ижрода куйлайди» сарлавҳаси остида тарқалган хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Аввало, Фарғона вилояти ҳокимлигининг маданият ва санъат соҳасини янги босқичга олиб чиқиш жараёнига ҳисса қўшиш мақсадида бир қатор ташаббусларни илгари сургани эътиборга лойиқ. Хусусан, вилоятда байрам тадбирларини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш, гуруҳ таркибига вилоят маданият бошқармаси масъуллари, театрлар раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари, таниқли санъаткорлар ва ижодкорлар киритилиши, ҳудудда ўтказиладиган байрам тадбирлари учун янги ғоялар, дастурлар, таклифларни ўртага ташлаб, бири бошқасини такрорламайдиган сценарийлар ишлаб чиқишга масъул бўлиши халқимизга тақдим этиладиган маданий-маърифий тадбирлар савиясини янада ошириш нуқтаи назаридан муҳим ҳисобланади.
Бироқ вилоят байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтишни тақиқлаш борасидаги ташаббус амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмайди.
Албатта, Маданият вазирлиги доимо жонли ижро тарафдори бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Лекин биз фонограммани тақиқлаш эвазига эмас, балки жонли ижрони рағбатлантириш, санъаткорларни қўллаб-қувватлаш ҳисобига уни янада кенг оммалаштириш истагидамиз. Зеро, Президентимизнинг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 26 майдаги Фармонига асосан давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилгани ҳам бежиз эмас. Бугунги кунгача кўплаб санъаткорлар ушбу имтиёздан фойдаланди ва фойдаланмоқда. Қолаверса, мазкур рағбат бошқа қўшиқчиларнинг ҳам жонли ижрога бўлган хоҳиш-истагини кучайтирмоқда.
Фонограммадан эса, масалан, телевидение учун тасвирга олинадиган лойиҳалар, концерт дастурлари, байрам тадбирларида сифатни таъминлаш мақсадида режиссёр талаби билан айрим ўринларда фойдаланилади. Бундай ёндашув ривожланган давлатларда ҳам мавжуд.
Шу жиҳатдан Фарғона вилояти ҳокимлигидан ҳудудда бўладиган байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтишни тақиқлаш эмас, балки жонли ижрочиларни рағбатлантириш, уларга янада кенгроқ имконият бериш позициясидан келиб чиқиб ёндашишни сўраб қоламиз.
Ўз навбатида, Маданият вазирлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини, шунингдек, вазирлик томонидан ишлаб чиқилаётган давлат дастурларида соҳа ривожи учун билдириладиган таклифлар кўриб чиқилиб, инобатга олинишини маълум қиламиз, дейилади хабарда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ бой берилган ҳудудларни Украинага қайтаришга эришиш ниятида эканлигини маълум қилди
- Транспорт вазирлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини муҳокама этишди
- Олимлар саратондан ҳам ўлим хавфи икки баравар юқори бўлган касаллик ҳақида маълум қилишди
- «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов лавозимидан озод этилди ва 3 суткага қамалди
- Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва «Gazprom» компанияси ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзоланди
- Саудия Арабистонида биринчи Ислом санъати биенналесининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг