Бағдодлик ёш тадбиркор ўндан ортиқ турда маиший чиқинди контейнерларини ишлаб чиқармоқда

16:47 11 Август 2022 Жамият
415 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти Бағдод туманида фаолият кўрсатувчи «Мангу юксалиш» масъулияти чекланган жамиятида ўндан ортиқ турдаги маиший чиқинди контейнерларини тайёрлаш йўлга қўйилди.

Ёш тадбиркор Бахтиёр Солижонов раҳбарлик қилаётган ушбу корхонада янги иннавацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш самараси ўлароқ маиший чиқиндиларни ташишга мўлжалланган электро-мотороллерлар ҳам ишлаб чиқарилаётгани яна бир эътиборли жиҳатдир.

— Айниқса, ёз ойларида кўп қаватли уйлар атрофида чиқинди уюмларининг тўпланиб қолиши аҳоли саломатлиги ва кайфиятига салбий таъсир кўрсатиши ҳеч кимга сир эмас, — дейди Б. Солижонов. — Ана шу жиҳатларни инобатга олиб, маиший чиқиндиларни ташишга мўлжалланган, фойдаланишда қулай, тежамкор бўлган электро-мотороллер яратдик. Замонавий техникаларимиз кўп қаватли уйлар орасидаги тор йўлакларда эмин-эркин ҳаракатланади ҳамда ўзидан ёқимсиз ҳид ва товуш чиқармайди.

Шунингдек, корхонада фавқулодда ҳолатларда зарур бўладиган асбоб-ускуналарни кўп қаватли уйлар орасига – айнан авария ҳолати юзага келган нуқтагача олиб боришни йўлга қўйиш мақсадида махсус жиҳозланган электро-мотороллерлар тайёрлашга киришилди.

Фарғона вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси билан ҳамкорликда тадбиркор яқин кунларда вилоятдаги 48 та уй-жой бошқаруви компанияларига электро-мотороллерлар етказиб беришни режалаштирмоқда.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер