Бағдод туманида мижозларга мутолаа имкониятини таклиф этувчи тамаддихоналар кўпаймоқда

12:38 25 Ноябрь 2022 Жамият
451 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилоятининг Бағдод туманида енгил тамадди қилиш истагида бўлган хўрандаларга дастлаб энг сара адабиётлар ва махсус QR-кодли китоблар «меню»сини тақдим этувчи тамаддихоналар кўпаймоқда. Қувонарлиси, ушбу эзгу ташаббус аҳолига умумий овқатланиш хизмати кўрсатувчи тадбиркорлар томонидан бажонидил қўллаб-қувватланаётир. Куни кеча туманнинг яна иккита манзилида замонавий буккафе (book-cafe) фаолиятини бошлади.

Тадбиркор Шоҳруҳ Абдураҳимов ўзига тегишли тамаддихонада бепул “WI-FI” ҳудуди ва мўъжаз кутубхона ташкил этди. Бағдод тумани ахборот-кутубхона маркази ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказининг туман бўлинмаси кўмагида буккафедаги китоб жавонига ўнлаб янги бадиий асар жойлаштирилди. Шунингдек, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарининг электрон нусхаси туширилган QR-кодли махсус баннер ҳам ўрнатилди.

—  Замонавий мезонлар асосида китобхонларимиз сафини кенгайтириб бориш – асосий мақсадимиз, — дейди Бағдод туман ахборот-кутубхона маркази раҳбари Муаттархон Умарова. — Бу борада китоб мутолаасини оммалаштиришга бефарқ бўлмаган тадбиркорларнинг ёрдами катта бўлмоқда. Буккафелардаги китоблар турли ёшдаги мижозлар учун мўлжалланган ва улар ҳар ҳафта янгиланиб турилади.

Маълумотга кўра, айни пайтда Бағдод тумани маҳаллаларида 40 та «Зиё дўкони», 14 та буккафе ҳамда 20 дан ортиқ манзилда бепул “WI-FI” ҳудудлари фаолият кўрсатмоқда. Бу каби зиё масканларида 10 мингга яқин китобни асл ва электрон кўринишида мутолаа қилиш мумкин.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер