БАА компанияси Ўзбекистондаги иккита вилоятда йирик қуёш электр станциялари қуради

16:43 12 Июль 2021 Жамият
802 0

2021 йилнинг 12 июль куни Тошкент шаҳрида Бирлашган Араб Амирликларининг «Масдар» компанияси билан ҳамкорликда Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қурилиши режалаштирилган иккита қуёш фотоэлектр станцияси учун лойиҳа келишувларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Халқаро Молия корпорацияси (ХМК) техник кўмагида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани ва Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ҳар бирининг қуввати 220 МВтдан бўлган 2 та қуёш фотоэлектр станциялари (ҚФEС) лойиҳалари учун очиқ тендер савдолари ўтказилди.

Унга кўра, “Masdar” компаниясининг барча босқичлардан ўтиш натижаларига кўра, 2021 йилнинг май ойида мазкур компания ушбу лойиҳаларнинг ғолиби деб топилди.

Амирлик компаниясининг кучли томонларидан бири бу ҚФEСда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини 25 йил давомида ўзгармас тарифларда етказиб бериш таклифи бўлди. Шундай қилиб, компания томонидан Жиззах ҚФEС электр энергиясини ягона электр тармоғига бир кВт. соати учун 1,823 АҚШ центи ва Самарқанд ҚФEС – 1,791 цент тарифида етказиб берилади.

“Masdar” компанияси ушбу лойиҳаларга 300 миллион АҚШ долларигача инвестиция киритиши, лойиҳалар 2021 йилнинг декабрига қадар молиявий ёпилиши мўлжалланган ҳамда 2022 йилнинг биринчи чорагида қурилиш ишлари бошланиши кутилмоқда.

Шуни қўшимча қилишимиз керакки, мазкур электр станциялари 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари ҳажмини 8 ГВтга етказиш, жумладан, қуёш ва шамол электр станцияларининг қуввати Ўзбекистон энергетика соҳаси олдига қўйилган вазифани амалга оширишга кўмаклашади. Бундан ташқари, тахминан 500 000 тонна CО2 эквивалентида йиллик иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиришга ёрдам беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?