Азиз Абдуҳакимов Япония билан туризм, спорт ва таълим соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилди

23:09 27 Июль 2021 Иқтисодиёт
405 0

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Японияга ташрифи доирасида Цукуба университети президенти Нагата Кёсуке билан учрашди. 

Учрашув давомида томонлар 2019 йилдаги юқори даражали учрашувнинг туризм, спорт ва таълим соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг фаоллашувига самарали таъсирини қайд этишди. Икки томондан ҳам ҳамкор олий таълим муассасалари доирасини кенгайтириш, ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини йўлга қўйиш, йирик илмий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишилди. 

Музокаралар давомида диёримизда биотехнология, тиббиёт ва ахборот технологиялари йўналишларида Ўзбекистон — Япония ОТМларининг очилишига оид масалалар муҳокама этилди. Лойиҳалар муваффақиятли амалга ошган тақдирда кейинчалик томонларнинг қизиқиш ва талабларини инобатга олган ҳолда таълимнинг бошқа йўналишларини ҳам қамраб олиш режалаштирилмоқда. 

Азиз Абдуҳакимов давлат раҳбарининг қўллаб-қувватлаши ёрдамида Ўзбекистонда олий таълим тизими такомиллашиб бораётгани, юртимизда хорижий ОТМлар филиаллари очилиши натижасида олий таълим муассасалари сони сўнгги йилларда деярли икки баробарга ошганини таъкидлади. Шу билан бирга, яқиндагина бўлиб ўтган учрашувда Япония халқаро ҳамкорлик ташкилоти (JICA) президенти ҳам Ўзбекистон томоннинг мамлакатимизда ОТМ очиш таклифига ижобий муносабат билдиргани қўшимча қилинди. 

Цукуба университети раҳбарияти шунингдек Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм университети билан ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди, томонлар академик алмашинув, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ҳамда ўзаро адабиётлар алмашишни режалаштиришмоқда. 

Бундан ташқари, Цукуба университетида спорт ва олимпик тадқиқотлар магистрлик дастури мавжудлигини ҳисобга олиб, Университетнинг Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан йўналишлари «Паралимпия таълими», «Спорт менежменти», «Таълим, мураббийлик ва япон маданияти» йўналишлари бўйича ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олинди. 

Шу билан бирга, учрашув доирасида ўзбекистонлик талабаларнинг Цукуба университети грант дастурларида иштирок этиш масаласи муҳокама қилинди. К.Нагата Япония олий таълим муассасаси ўзбекистонлик магистрантларга «Япония ва Евроосиё тадқиқотлари махсус дастури»да қатнашиш имконини тақдим этишини таъкидлади. 

К.Нагата шунингдек Азиз Абдуҳакимовнинг Ўзбекистон Президенти сайловларида кузатувчи сифатида иштирок этиш таклифини катта қизиқиш билан қабул қилди. У икки томонлама муносабатларнинг юқори даражаси ҳамда бу йилги сайловлар аҳамиятини инобатга олган ҳолда уларда иштирок этиш учун барча чораларни кўришини таъкидлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?