Аёлларнинг ишбилармонлик қобилияти — тараққиёт учун муҳим ресурс

13:33 04 Август 2020 Сиёсат
360 0

Хотин-қизлар орасида тадбиркорликни ривожлантириш жаҳон миқёсида давом этаётган муҳим жараёнлардан бири ҳисобланади. Жумладан, кластер усулидаги аёлар бизнесига алоҳида эътибор берилаётган мамлакатларда кичик ва ўрта бизнинг ЯИМдаги улуши сезиларли ортмоқда.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, айнан хотин-қизлар тадбиркорлигининг салоҳияти жаҳон ялпи ички маҳсулотини икки баробарга ошириши мумкин. Boston Consulting Group компанияси экспертлари ҳам айнан шундай хулосага келди. Улар ўтказган тадқиқот маълумотларига кўра, агар аёл тадбиркорлар сони эркак бизнесменлар сонига тенг бўлганида, жаҳон иқтисодиёти ҳажми 2,5 триллион доллардан 5 триллион долларга ошган бўларди.

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарияти томонидан аёллар иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва гендер тенглигини таъминлаш учун қонунчилик негизини мустаҳкамлаш, шунингдек, институционал базани шакллантириш борасида муҳим қадамлар қўйилди.

Бугунги кунда аёллар юртимизнинг меҳнатга лаёқатли ва иқтисодий жиҳатдан фаол аҳолисининг катта қисмини ташкил этилишини инобатга олиб, Ўзбекистон Ҳукумати хотин-қизлар тадбиркорлигини мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти учун энг муҳим ресурслардан бири сифатида кўриб чиқмоқда.

Ижтимоий соҳага йўналтирилган бизнес, яъни болалар ва ёшларни ҳар томонлама ривожлантириш ва уларга таълим бериш соҳасидаги лойиҳаларнинг 90 фоизи айнан хотин-қизлар томонидан амалга оширилаётгани муҳим жиҳат ҳисобланади. Иқтисодиётда хотин-қизлар тадбиркорлиги улушини ошириш учун аёлларга оилавий ва хусусий тадбиркорликни ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар берилмоқда. Шунингдек, аёллар тадбиркорлигини моддий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда ҳамкорлик олиб борилмоқда. Мамлакатимиз меҳнатга лаёқатли аҳолисининг ярмидан кўпини аёллар ташкил қилишига қарамай, уларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбикорликдаги улушини аниқлаш қийин. Боиси – аёллар бизнесининг ривожланишига оид аниқ маълумот мавжуд эмас. Хусусан, бугунги кунда содир бўлаётган ҳудудий ва глобал интеграцион жараёнлар, миллий эҳтиёжлар ва устувор мақсадларни ҳисобга олган ҳолда, аёл тадбиркорларнинг турли тараққиёт йўналишларига қўшган ҳиссасига баҳо бериш, аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш керак бўлган соҳаларни аниқлаш мумкин эмас.

Тадбиркорлик соҳасида гендер статистикаси мавжуд эмаслиги сабабли хотин-қизлар тадбиркорлигининг салоҳиятига баҳо бериш ва уни бошқа мамлакатларда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш трендлари билан таққослаш мумкин эмас. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон кўп йиллардан бери Аёллар тадбиркорлиги глобал индексида иштирок этмаяпти.

Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга комплекс ёндашувни ишлаб чиқиш, аёллар томонидан бошқариладиган корхоналарни қўллаб-қувватлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, уларга ахборот, бозор, таълим ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятини бериш ва бизнес фаолиятини аёллар орасида фаол оммалаштириш мақсадида Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи Кенгаш тузилди.

Ушбу тузилма доимий фаолият юритувчи маслаҳат органи бўлиб, давлат ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорлик механизмларини кучайтириш ҳамда тараққиёт бўйича ҳамкорлар ва фуқаролик жамияти институтлари билан хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича очиқ мулоқотни таъминлаш мақсадида экспертлик, ахборот ва маслаҳат таъминоти учун ташкил этилди.

Кенгашнинг асосий мақсадлари давлат дастурларига гендер ёндашувларини жорий этиш йўли билан гендер тенгликка кўмаклашиш ва қонун ижодкорлиги фаолиятининг барча босқичларида гендер таҳлилини амалга ошириш, шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича таклифлар киритишдан иборат. Қолаверса, ишбилармон аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида очиқ мулоқот, илғор тажриба, сиёсат ва дастурлар алмашинувига кўмаклашиш, аёл тадбиркорлар мавжуд муаммолари, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришдаги маъмурий тўсиқларни бартараф этишга қаратилган таклифларни ўрганиш, таҳлил қилиш, умумлаштириш ҳам унинг фаолияти йўналишларидан ҳисобланади.

Шунингдек, аёл тадбиркорларнинг аниқ эҳтиёжларини, шу жумладан, капитал ресурслардан, бозорлардан фойдаланиш, устозлик қилиш, ўқиб-ўрганиш, етакчилик ва алоқалар ўрнатиш бобидаги хабардорлигини ва тушунчасини ошириш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик гендер экспертизасини ўтказиш билан ҳам шуғулланади. Янги тузилма ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш ва аёл тадбиркорларни давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширишда ва давлат харидлари тизимида қатнашишини таъминлаш борасида ҳам иш олиб боради.

Янги тузилмада иштирок этишга минтақавий ва халқаро ташкилотлар, хотин-қизлар ташкилотлари вакиллари, тадқиқот институтлари ва бошқа манфаатдор томонлар таклиф этилади. Кенгаш аъзолари хотин-қизлар тадбиркорлиги муаммолари ва аёллар иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича очиқ мулоқотни кучайтиришга кўмаклашадилар.

Шуниси эътиборлики, Кенгаш мажлислари видеоконференция шаклида ҳар чоракда камида бир марта барча аъзоларнинг камида 70 фоизи иштирокида ўтказилади.

Жорий йилда эса ушбу Кенгаш «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини тайёрлаш жраёнида «аёллар тадбиркорлиги» тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш, ЕТТБ дастурининг Ўзбекистонда гендер ёндашувларини ҳисобга олган ҳолда, инвестицион муҳитни таҳлил қилиш бўйича базавий тадқиқотни ўтказиш тўғрисидаги таклифини кўриб чиқиш ва Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича Миллий Дастурни ишлаб чиқишни режалаштирган. Ўз навбатида, Давлат статистика қўмитаси ҳамкорлигида тадбиркорлик соҳасида гендер нуқтаи назаридан табақалаштирилган маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш ва уларни кейинчалик www.gender.stat.uz сайтида эълон қилиш имкониятларини кўриб чиқиш, Марказий Банк кўмагида Молиявий мақбулликни таъминлаш ва молиявий саводхонликни ривожлантириш бўйича Миллий стратегия ишлаб чиқишда гендер тенгликни илгари суриш масаласини муҳокама қилиш ҳар кўзда тутилмоқда.

Носирбек АБДУЛЛАХОНОВ,
Олий Мажлис Сенати
Хотин-қизлар ва гендер тенглик
масалалари қўмитаси

раиси ўринбосари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?