«Аёллар фестивали»да 1,5 мингдан зиёд хотин-қизларнинг муаммоларига ечим топилди

10:33 17 Январь 2021 Жамият
436 0

Наманганда «Аёл дунё безаги, меҳр-муҳаббат рамзи!» шиори остида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофазасини кучайтириш, мазмунли дам олишини ташкил этиш масалаларини қамраб олган аёллар фестивали ўтказилди. Унда оналаримиз, опа-сингилларимизнинг ҳар бири эътибор ва ардоққа муносиб эканлиги яна бир карра исботини топди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган анжуман Давлатобод туманидаги «Ёш куч» ўйингоҳида спорт-мусиқа машғулотларидан иборат «флешмоб» билан бошланди.Бу жойга тўпланган мингга яқин хотин-қизлар саломатлик машқларини иштиёқ билан бажардилар. Шундан сўнг «Қизил ярим ой» жамияти вилоят ташкилоти томонидан санитария-гигиена воситалари, тиббиёт қутилари жойлаштирилган 40 та «Дамас» автомашинасидан иборат карвон аҳоли истиқоматгоҳларига йўл олди. Саломатлик ашёлари 40 та маҳалладаги 200 та хонадоннинг ҳар бирига 500 минг сўмдан ёрдам маблағларини қўшган ҳолда тақдим этилди.

Нозик жинс вакилларининг ҳаётдан муносиб ўрин ва қадр-қиммат топиши аввало уларнинг ҳуқуқий манфаатлари тўлақонли таъминланиши билан боғлиқ. Бунда ҳуқуқий саводхонлик масаласининг аҳамияти юқори. Туман ФХДЁ биносида фаолият бошлаган «Аёллар ҳуқуқий маслаҳатхонаси» ўзининг малакали юридик ва психологик хизматлари билан бу борада яқин кўмакчига айланади.

Наманган шаҳрининг Уйчи кўчасида жойлашган мусиқа ва санъат мактабида уюштирилган саховат тадбири ҳам кўплаб оилаларга қувонч олиб кирди. Мазкур тадбир давомида «Аёллар дафтари»га киритилган 200 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамюртларимиз ва «Меҳр-3» операцияси давомида мамлакатга қайтариб олиб келинган хотин-қизларга 10 та ногиронлик аравачаси, 10 та музлатгич, 50 та микротўлқинли печь, 50 та чангютгич ва 70 та тикув машинаси тақдим этилди. Шунингдек, 5 нафар аёлнинг уйи бепул таъмирлаб бериладиган ва яна 5 нафар аёлнинг бир йиллик ижара пули тўлаб бериладиган бўлди. Бундан ташқари олий таълим муассасаларида таълим олаётган 10 нафар қизнинг бир йиллик тўлов-шартномаси учун 35 миллион сўм, 15 нафар техникум талабалари бўлган қизнинг йиллик тўлов-шартномаси учун эса 63 миллион сўм, жами 98 миллион сўм маблағ ажратилди.

Шаҳардаги 8 та мактабда хотин-қизлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрикларнинг ташкил этилиши кўпчилик учун айни муддао бўлди. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкатжон Абдураззоқов шу куни 15-умумтаълим мактабида амалга оширилаётган кенг қамровли тиббий тадбир жараёнлари билан танишди. Бу ерда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш учун ҳамма нарса мужассам. Бугина эмас, вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг салоҳияти ҳам мактаб ҳовлисига жо бўлди. Кўрикка келганлар мобил поликлиника, кўчма рентген қурилмаси, ультратовуш текшируви, лаборатория ва ЭКГ хизматларидан баҳраманд бўлдилар. Ўнлаб тор соҳа мутахассислари — акушер-гинеколог, жарроҳ, эндокринолог, кардиолог, невропатолог, окулист, онколог, ревматолог, гематологлар қабулига юзлаб аёллар навбатга туришди. Кўплаб оналар фарзандларини ҳам бошлаб келишган. Ҳар бир аёлнинг саломатлиги синчковлик билан ўрганиб чиқилиб, касаллиги аниқланганлар алоҳида рўйхатга олинди.

Вилоятдаги бир қатор нодавлат тиббиёт муассасалари уларни бепул даволашга қарор қилишди.

Ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашда меҳнат ярмаркалари катта имконият. Фестиваль дастурига киритилган шундай тадбирда 117 та йирик ишлаб чиқариш корхонаси ва 51 та муассаса вакиллари хотин-қизлар учун мўлжалланган 4477 та бўш иш ўринларини тақдим этишди. Шу куни тикувчилик касбига ўқиб, сертификат олган, ярмарка доирасидаги «Тикувчи аёллар» кооперативига ишга кирган 110 нафар аёлга субсидия шартлари асосида тикув машиналари тақдим этилди. Уларга уй шароитида даромад топишлари учун хом ашё ва материаллар етказиб берилади.

Ярмарка натижалари кишини хурсанд қилади. «Наманган пахта текс» МЧЖга 105 нафар, «Наманган тўқимачи» МЧЖга 42 нафар, «Айма гроуп» МЧЖга 49 нафар, «Тикувчи аёллар» кооперативига 110 нафар, маҳалла меҳнат инспектори лавозимига 104 нафар, шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига 3 нафар ва давлат муассасасига 32 нафар, жами 445 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.

—Наманганлик аёллар учун ҳар жиҳатдан манфаатли бўлган фестиваль 22 та манзилда ўтказилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тадбирлар давомида «Аёллар дафтари»га киритилган 1,5 минг нафардан ортиқ хотин-қизнинг муаммоларига ечим топишга муваффақ бўлинди, энг муҳими шу, — дейди вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Иродахон Қўчқорова.

Айтиш мумкинки, биринчи бор ўтказилишига қарамай ўзининг ранг-баранг дастури билан кўпчиликка маъқул тушган фестиваль иштирокчиларга бир олам завқли лаҳзаларни ҳам ҳадя этди. Бу иштирокчиларнинг вилоят маданият саройида Ўзбекистон Халқ артистлари Зулайҳо Бойхонова ва Абдуҳошим Исмоилов ҳамда ижрочи ёшлар томонидан намойиш этилган катта концерт таассуротларида баралла уфуриб турди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?