«Аёллар дафтари»га кирган опа-сингилларимиз учун бепул саёҳат уюштирилди

19:44 18 Февраль 2021 Жамият
794 0

Кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар турмуш шароитини яхшилаш, ҳаёти фаровонлигини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири айланди. Натижада бугунги кунда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, тақдир тақозоси билан қийин аҳволга тушиб қолган аёллар муаммоларини ҳал этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлар борасида кенг-кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан Касаба уюшмалари Федерацияси раиси мутасаддилигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда тегишли масъул ташкилотлар раҳбарларидан иборат Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси ташкил этилди. Шу асосда «Аёллар дафтари» шакллантирилди. Айни кунда республикамизнинг барча ҳудудларида мазкур дафтарга киритилган ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича тизимли тадбирлар амалга оширилаётир.

Бу борада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан яна бир савобли ишга қўл урилди. Яъни республикамизнинг турли ҳудудларида яшовчи «Аёллар дафтари»га кирган мунис опа-сингилларимиз учун Хоразм вилоятидаги тарихий обидалар бўйлаб бепул саёҳатлар уюштирилмоқда.

Ана шундай саёҳатларнинг галдагиси куни кеча Тошкент вилоятилик аёллар учун ташкил этилди ва 54 нафар аёл Хоразм вилояти бўйлаб саёҳатга олиб чиқилди.

Меҳмонлар Урганч шаҳрида карнай-сурнай садолари остида тантанали равишда кутиб олинди. Улар автобусларда «Хоразм палас» меҳмонхонасига олиб борилиб жойлаштирилди. Барча шароитларга эга меҳмонхона опа-сингилларимизнинг кайфиятини янада кўтарди.

Меҳмонлар Хива шаҳридаги очиқ осмон остидаги музей номи билан машҳур «Ичан кала» мажмуасига саёҳат қилди. Бу тарихий масканда улар «Кўҳна арк», 1000 йиллик тарихга эга бўлган Жума масжиди, Оқ Шайх бобо тепалиги, Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳи, «Тошҳовли» саройи, Қозихона ва Маориф музейи билан яқиндан танишиб, мазкур тарихий обидалар тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлдилар.

Саёҳатнинг иккинчи куни Ниёз Муҳаммад Охунбобо Жоме масжиди ва Жалолиддин Мангуберди мажмуасида бўлиб, шонли тарихимизга оид маъумотлар билан танишдилар. «Улли ҳовли»га саёҳат ҳам мазмунли бўлди.

Муҳаббат ЎРМОНБEКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Матбуот хизмати раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер