Автомобиль йўлидаги бетон тўсиқлар турли ЙТҲларнинг олдини олиш учун ўрнатилган — сенатор

18:02 21 Июнь 2021 Жамият
477 0

Аввалроқ интернетда эълон қилинган «Ўрта Чирчиқдаги мантиқсиз йўл кесишмаси» дея эътироф этилган ҳолат Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олингани бўйича хабар берган эдик.

Хабарда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги «Қумовул» ҚФЙ ҳудудида мантиқсиз ҳамда ниҳоятда хавфли йўл кесишмаси борлиги ва бу туманнинг Фурқат кўчаси аҳолисига ва шу ердан ҳаракатланиб ўтадиган барча транспорт воситаси ҳайдовчиларига ноқулайлик туғдираётгани айтилган эди.

Мазкур ҳолат қўмита мурожаатига мувофиқ Ички ишлар вазирлиги ва Автомобиль йўллари қўмитаси масъул ходимлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижаларига кўра, «Бектемир-Чирчиқ-Чорбоғ» автомобиль йўлининг «Қумовул» ҚФЙ ҳудудидан ўтган қисмига ўрнатилган бетон тўсиқлар йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш учун ўрнатилган.

Чунки 2016 йилда ушбу жойда «Бектемир-Ийк ота» йўналишида ҳаракатланаётган транспорт воситалари йўл ҳаракати қоидаларини бузиб қарама-қарши йўналишда ҳаракатланганликлари учун бир неча бор йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлган.

Бу каби йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида ушбу ҳудудда узунлиги 50 метрлик БДО-5 бетон тўсиқлари ўрнатилиб, йўлнинг кенглиги торайтирилган. Натижада эса «Бектемир-Ийк ота» йўналишида ҳаракатланувчи автомобиль ҳайдовчиларининг қоидани бузиб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланишининг олди олинган.

Шунингдек, маҳалла фуқаролари ўз уйлари томонидан қайрилиб олишлари учун бетон тўсиқдан жой очиб беришни сўраб қилган мурожаати ИИВ ходимлари томонидан маҳалла фаоллари, «Янги хаёт» МФЙ раиси, вилоят Автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ҳамда вилоят ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари билан биргаликда жойига чиқиб ўрганилди.

Ҳолат бўйича фуқаролар сўраган жойдан бетон тўсиқларни олиниши турли йўл-траспорт ҳодисалари юз беришига сабаб бўлиши мумкин эканлиги, фуқаролар ҳаракат хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган қайрилиш жойи эса маҳалладан узоқ эмаслиги, яъни 600 метр масофада жойлашгани тушунтирилди.

Бундан ташқари, маҳалла раиси ва фуқаролар мурожаатига мувофиқ ушбу кўчага 3.24 «Юқори тезлик чекланган» ва 5.16.1 «Пиёдалар ўтиш жойи» йўл белгилари ҳам ўрнатилиб, йўл чизиқлари қайта чизиб берилган.

Мазкур ҳолатни бир тарафлама ўрганишнинг олдини олиш мақсадида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси кўрсатмасига мувофиқ Ўрта Чирчиқ тумани ҳокими туман кенгаши депутатлари билан масалани шахсан ўзи бориб, жойида ўрганди. Ўрганиш хулосаси сифатида ушбу бетон тўсиқларнинг қолдирилиши мақсадга мувофиқ ва инсонлар ҳаётига хавф солувчи йўл-транспорт ҳодисларининг олдини олишга хизмат қилиши билдирилган.

Қутбитдин Бурханов,
Олий Мажлис Сенатининг
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?