Аутизм касаллигини эрта босқичда аниқлаш йўли топилди

12:13 27 Август 2022 Дунё
1756 0

Фото: Иллюстратив фото

АҚШнинг Вашингтон университети олимлари томонидан болаларда учрайдиган аутизм касаллигига эрта ташхис қўйиш имконини берувчи махсус кўз тести ишлаб чиқилди.

Хўш, бунга қандай зарурат бор эди?

Маълумки, аутизм — руҳиятнинг бузилиши билан боғлиқ ҳолат. Ушбу ташхис қўйилган жажжи беморлар ташқи олам, атрофдагилар билан мулоқот қилишни истамайди. Ёлғизликни хуш кўради. Бир хил хатти-ҳаракат ва сўзларни такрорлайди.

Аутизмга чалинган бола ўз оламида яшайди. Фикрлаши бошқаларникига ўхшамайди. Уларнинг хатти-ҳаракатларида ҳиссий кечинмалар асосий ўрин тутади.

Ушбу касаллик кўп ҳолларда 3 ёшгача бўлган болаларда пайдо бўлади. Аммо унинг илк белгиларини аксарият ота-оналар ўз вақтида пайқай олмайди. Яққолроқ аломатлар эса 2-3 ёшли беморларда кўзга ташланиши эҳтимоли юқори.

Аутизмнинг илк босқичларида бола ота-онанинг айрим ҳаракатларига жавоб қайтармайди. Атрофдаги одамлар, қариндош-уруғлар, уларнинг фарзандлари билан дўстона ва илиқ муносабатлар ўрната олмайди. Жонсиз буюмлар ва одамларга ҳам бир хил муносабатда бўлади.

Касалликка хос асосий симптомлардан яна бири бемор болаларнинг ўзгалар кўзларига тик қарай олмаслигидир. Бундай ҳолатда улар нигоҳларини олиб қочишга ҳаракат қилишади.

Нутқдаги нуқсонлар, интеллектуал ўйинларни ўйнай олмаслик, уйқу бузилишлари, тажовузкорликка мойиллик ва қўрқув ҳам аутизм белгилари бўлиши мумкин.

«Ушбу хасталикка чалинган болаларга тиббий амалиётда тахминан 4 ёшлигида аниқ ташхис қўйилади, — дейди АҚШда ўтказилган юқоридаги тадқиқот раҳбари Жоржина Линч. — Лекин бу анча кеч муддат. Ваҳоланки, бундай беморларда 18-24 ойлигидаёқ тегишли муолажалар бошланса, уларнинг соғлом ҳаётга қайтиши осон кечади».

Тадқиқот муаллифлари томонидан ишлаб чиқилган синов тестлари жуда содда. Уни ҳатто уй шароитида ҳам бажариш мумкин. Бунинг учун боланинг ёруғликка бўлган муносабати кузатиб борилса, кифоя.

Масалан, қорачиқлар одатда ёруғ муҳитда кенгаяди. Нур камроқ тушадиган шароитда эса яна ўз ҳолига қайтади. Юқоридаги тестни бажаришда ушбу жараённинг содир бўлиш тезлигини баҳолаш муҳим.

Олимларнинг изоҳлашича, бу рефлекс аутизм ташхиси қўйилган болаларда секинроқ кечади ва қорачиқларнинг асл ҳажмига қайтиши учун кўпроқ вақт талаб этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер