Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш келажак авлод тақдирининг муҳим гаровидир

18:40 05 Июнь 2022 Жамият
346 0

Фото: Қурбонбоева Дилфуза, ЎзДЖТУ талабаси

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1972 йил 5 июнь куни Швеция пойтахти Стокголмда бўлиб ўтган йиғилишида асосий эътибор атроф-муҳит муаммоларига қаратилган. Ассамблея қатнашчилари муаммонинг жиддийлиги, дунё аҳолиси ўртасида экологик маданиятни кенгайтириш муҳимлигини инобатга олиб, 5 июнь санасини «Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни» сифатида нишонлаш юзасидан қарор қабул қилган. Шу йилдан эътиборан бу кун бутун дунёда кенг нишонланиб келинмоқда.

Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва кўкаламзорлаштириш юзасидан юртимизда ҳам кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда ва ўз самарасини бериб келаётир. Хусусан, 2019—2020 йилларда ўтказилган «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан «Бир миллион дарахт» акцияси доирасида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида жами 3 млн 800 минг тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган.

Президентимизнинг 2021 йил 30 декабридаги «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-46-сон Фармони билан бутун мамлакат миқёсида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилмоқда. Лойиҳа қамрови йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экишга мўлжалланган.

Шунингдек, мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш ҳамда муаммоларни бартараф қилиш борасида босқичли ишлар олиб борилмоқда:

хусусан, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни экиш, парвариш қилиш ва суғориш;

йиғиштириш-тозалаш ишларини амалга ошириш ва ҳар бир жойларда чиқинди қутиларини ўрнатиш;

болалар майдончалари ва ўтириш жойларини таъмирлаш;

аҳоли учун пиёда юриш учун ҳамда велосипед йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш каби чора-тадбирлар амалга оширилаётир.

Бундай саналарнинг нишонланиши Ер юзидаги жамики одамзотнинг табиат учун ўз ҳиссасини қўшишига ундайди. Табиатни асрашга бағишланган кунларнинг мақсади эса барча давлатлар бирлашган ҳолда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун курашишларига бир турткидир, аслида.

Қурбонбоева Дилфуза, ЎзДЖТУ талабаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер