Аскарларга ҳайдовчилик гувоҳномалари топширилди

22:40 26 Март 2023 Жамият
1554 0

Фото: «Ватанпарвар» ташкилоти Матбуот хизмати

Ҳозирда республикамиз бўйлаб ўз ҳарбий бурчини ўташ давомида «Ватанпарвар» ташкилотининг ҳайдовчилик ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган аскарларга ҳайдовчилик гувоҳномалари топширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Матбуот хизмати хабарига кўра, бугун Марказий ҳарбий округнинг Навоий гарнизонига қарашли ҳарбий қисмда ўз йигитлик бурчини ўтаётган 62 нафар ёшларга ҳайдовчилик гувоҳномаларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққанлар ҳарбий хизматни якунлаш арафасида турган ушбу ёшларга улкан муваффақиятлар тилаб, ҳаётда ўзларининг муносиб ўринларини топишлари учун зарур маслаҳатлар бердилар.

Фото: «Ватанпарвар» ташкилоти Матбуот хизмати

Ўз навбатида, сўзга чиққан аскарлар ҳам ўзларининг нақадар омадли эканликларини, негаки улар Ватанимиз олдидаги муқаддас бурчни адо этиш билан бирга, уйларига «Ватанпарвар» ташкилоти ўқув курсида эгаллаган касблари ва буни расман тасдиқловчи гувоҳномалари билан қайтишларини мамнуният билан билдирдилар.

Худди шундай тадбир Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг Бухоро гарнизонига қарашли ҳарбий қисмда ҳам бўлиб ўтди. Муддатли ҳарбий хизматни ўташ билан бирга «BC» тоифаси бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган 70 нафар ёшларнинг ҳам қувончи чексиз. Улар тез орада уйларига қайтиб, ушбу гувоҳномалар ёрдамида бирор фойдали ишнинг бошидан тутишларига қатъий ишонмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти 2021 йилда Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаган бўлиб, ушбу ҳужжатларга мувофиқ, Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар «Ватанпарвар» ташкилотининг ўқув курсларида ҳайдовчилик ва яна беш хил техник касбга ихтиёрий равишда ўқитиб келинмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер