А.Саидов Парламент Ассамблеяси Бош котиби Муҳаммад Резо Мажидий билан учрашди

13:58 23 Октябр 2021 Сиёсат
210 0

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари Акмал Саидов 23 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрган Осиё Парламент Ассамблеяси Бош котиби Муҳаммад Резо Мажидий билан учрашди.

А.Саидов меҳмонларни самимий қутлаб, ҳозирги мураккаб шароитга қарамай Муҳаммад Резо Мажидийнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига халқаро кузатувчи сифатида иштирок этишини мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ижобий муносабат, дея эътироф этди.

Учрашувда кейинги йилларда халқимиз, мамлакатимиз ҳаётида, жамиятимизда, миллий сайлов қонунчилигида улкан ўзгаришлар юз бергани, бу даврда республика ҳаётининг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларида халқ фаровонлигини юксалтиришга йўналтирилган изчил ислоҳотлар, сайловларни очиқ ва ошкора ўтказиш бўйича яратилган шароитлар ҳақида сўзлаб берилди.

Илк бор Сайлов кодекси асосида ўтадиган Президент сайловида конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистон Республикасининг Президенти, яъни давлат раҳбари даврийлик принципи асосида сайланиши таъминланиши, мамлакатимизда сиёсий партиялар сони яна биттага кўпайиб, партиялараро рақобат сезиларли даражада кучайгани қайд этилди.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонунчилик фаолияти, норма ижодкорлиги, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, 12 та қўмита ва 4 та комиссиянинг иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида маълумотлар берилди.

Мулоқот давомида сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда хорижий давлатлар вакиллари, халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари иштироки муҳимлиги инобатга олиниб, сайловларда мингдан ортиқ хорижий кузатувчилар ва кўплаб оммавий ахборот воситалари келгани таъкидлаб ўтилди.

Муҳаммад Резо Мажидий самимий ва илиқ меҳмондорчилик учун миннатдорлик билдириб, Осиё Парламент Ассамблеяси бугунги кунда 56 та давлат парламентларини бирлаштириб турганлигини, уларнинг 44 таси мазкур нуфузли тузилмага тўлақонли аъзолиги, 12 таси эса кузатувчи сифатида иштирок этаётганини билдирди. Айниқса, Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш борасидаги дадил қадамлари, бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлари эътиборга молик эканини қайд этди.

Шунинг баробарида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни билан яқиндан танишгани, сайловларда қўлланилаётган замонавий ахборот технологиялар сайлов жараёнидаги очиқлик ва ошкораликни таъминлаган ҳолда, сайловчиларга янада қулай шароитларни яратишга хизмат қилишини таъкидлади.

Мулоқотда сайловолди кампаниясининг юқори даражада ташкил этилаётгани одамларга муносиб номзодни танлашга ёрдам бериши билан бирга, сайлов жараёнининг очиқ, ошкора ва шаффоф ҳамда халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида ўтишига ишонч билдирилди.

Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Осиё Парламент Ассамблеяси ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?