А.Саидов БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар ва Европа, Марказий Осиё ва Aмерика бўйича ёрдамчиси билан учрашди

19:57 03 Август 2022 Сиёсат
568 0

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари A.Саидов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг сиёсий масалалар ва Европа, Марказий Осиё ва Aмерика бўйича ёрдамчиси М.Енча билан БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида учрашди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот, унинг асосий устувор йўналишлари, шунингдек, Конституциявий комиссия фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Жамиятнинг кенг қатламлари, биринчи навбатда, ёшлар иштирокида амалга оширилаётган конституциявий жараённинг очиқ ва ошкоралигига алоҳида эътибор қаратилди. Конституциявий ислоҳотнинг умумхалқ муҳокамаси мобайнида кенг жамоатчиликдан кўплаб таклиф ва мурожаатлар келиб тушгани маълум қилинди.

Мамлакат Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси билан давлатимиз тарихида биринчи марта конституциявий қонун ижодкорлиги соҳасида ноёб тажриба бўладиган конституциявий референдум ўтказилиши таъкидланди.

Шу муносабат билан, мезбон томонга Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган референдумда кузатувчи сифатида иштирок этиш таклифи берилди.

БМТ Бош котиби ёрдамчиси мамлакатимизда конституциявий ислоҳотнинг бориши ҳақида берилган батафсил маълумот учун миннатдорлик билдирди.

Суҳбатдош давлатимиз делегациясининг ташрифи мақсадлари ҳақида тўхталар экан, Нью-Йоркда олиб борилаётган фаол ахборот ишлари нафақат БМТ Котибияти, балки аъзо давлатлар учун ҳам Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган ва олдиндаги муҳим сиёсий воқеалардан хабардорлик учун муҳимлигини таъкидлади. Шу муносабат билан, БМТ аъзо давлатлари учун конституциявий ислоҳотга бағишланган брифингни олқишлади.

М.Енча Ўзбекистоннинг Бош қомусига ўзгартиш ва қўшимчаларни аҳолининг фикр ва таклифларини инобатга олган ҳолда умумхалқ муҳокамасини ўтказиш тўғрисидаги қарорини мамнуният билан қайд этди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатимизнинг бу борадаги тажрибаси жуда муҳим. У ёшлар масаласида томонларнинг қарашлари муштарак эканини ва бу ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бирига айланиши кераклигини таъкидлади.

Бош котиб ўринбосари Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ўзаро тушуниш ва ҳурмат тамойилларига асосланган алоқаларнинг бугунги даражасини юқори баҳолади.

– Бу Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев ва Бош котиб A.Гутерриш ўртасида ўрнатилган дўстона муносабатлар туфайлидир, – деди М.Енча.

Унинг фикрича, A.Гутерришнинг 2017 йилда Марказий Осиё бўйлаб сафари доирасида Ўзбекистонга ташрифи, шунингдек, глобал ташкилот Бош котиби сифатидаги фаолиятининг дастлабки олти ойи мобайнида Самарқанд ва Оролбўйи минтақасида бўлгани икки томонлама муносабатлардаги муҳим воқеа бўлди.

М.Енча таъкидлаганидек, A.Гутерриш ўз ташрифи давомида Марказий Осиёда мутлақо янги геосиёсий муҳитнинг гувоҳи бўлди.

Бош котиб ёрдамчиси Бош котиб ўринбосари Aмина Муҳаммаднинг жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунларини юқори баҳолади.

Учрашув якунида М.Енча БМТ Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини яна бир бор тасдиқлади.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер