Асад – экинни яшнатиб, ҳосилга ҳосил қўшадиган ой

12:47 03 Август 2022 Жамият
252 0

Фото: Халқ сўзи

Бир умр қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилган отам «Деҳқончиликда ғирромлик кетмайди, ерга меҳр берсанг, меҳр оласан», дея насиҳат қилар эди. Бу ўгитга амал қилиб, кам бўлмаяпман.

Жорий йилда 32 гектар ерда «Наманган-77» пахта навини парваришлаб, барча агротехник тадбирларни сифатли бажариб келяпмиз. Фарғона политехника институти олимлари билан ҳамкорликда пахтачиликда ҳар ойлик мониторинг ишлари йўлга қўйилган. Бевосита дала майдонларида таҳлиллар ўтказилиб, ҳар бир жараён амалий ва илмий тажрибани ўзаро уйғунлаштирган ҳолда таҳлил этилади.

Бугун пахтачилик илмини яхши эгалламаган фермер замондан орқада қолиши, кўзланган ҳосилни ола билмаслиги аниқ. Айниқса, асад ойи – экинни яшнатиб, ҳосилга ҳосил қўшадиган палла. Ҳақиқатан, йилнинг шу палласида ғўза роса кучга тўлади, кўраклари тош босади, гуллар кўракка айланиб кўпаяди. Ер билан тиллашадиган уста пахтакорлар «Август ойида ғўзани ҳашаротлардан сақлаш, кўчатни чанқатиб қўймадик, чилпиш ишларини сифатли ўтказиш керак», дея қайта-қайта таъкидлашлари бежиз эмас. Асад – ҳосил тақдирини ҳал қиладиган ой.

Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, ҳозирнинг ўзида ҳар гектар ерда 34-35 центнер ҳосил бўй кўрсатяпти. Ҳар гектар ердан камида 45 центнердан қимматли саноат хомашёсини олишни мақсад қилганмиз.

Ўтган йили 10 гектар ерда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этган эдик. Бу йил ушбу майдонда кутилганидан зиёда ҳосил етиштирилди. Яқин истиқболда хўжалигимизнинг даромади эвазига пахта майдонларида тўлиқ томчилатиб суғориш технологиясини қўллашни режалаштирганмиз.

 

Шерзод ИБРАГИМОВ,

Олтиариқ туманидаги «Шерзод Олтиариқ обод» фермер хўжалиги раҳбари,

Фарғона вилояти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер