“АрМИ–2022” Халқаро армия ўйинларида иштирок этган ҳарбий жамоаларимиз ҳамда ҳарбий хизматчиларимизни қутлашга бағишланган тантанали тақдирлаш маросимидан Фоторепортаж

15:54 17 Сентябр 2022 Спорт
372 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган ҳарбий ислоҳотлар натижасида қисқа даврда Қуролли Кучларимизнинг жанговар шайлиги, халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бормоқда. Мудофаа ва хавфсизлик соҳасида амалга оширилган ўзгаришлар Қуролли Кучларимиз ривожининг янги даврини бошлаб берди, яъни миллий армиямиз учун туб бурилиш ва янгиланишлар даври бўлди. Давлатимиз томонидан қўшинларимизни ҳар томонлама ривожлантириш, жанговар салоҳиятини янада ошириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Мана бир неча йилдирки Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинлари ҳарбий жамоалари бир неча йўналишлар бўйича жаҳон мамлакатлари Қуролли Кучлари жамоалари ўртасида ўтказиб келинаётган Халқаро армия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари жорий йилнинг 15 август кунидан 27 августига қадар йилнинг энг нуфузли ҳарбий мусобақаларидан бири бўлган “АрМИ–2022” Халқаро армия ўйинларида иштирок этган миллий армиямиз ўғлонлари жонажон юртимизнинг қудрати ва салоҳиятини яна бир бор, тўла-тўкис кўрсата олдилар. Шиддатли ва муросасиз кечган халқаро “АрМИ–2022” ўйинларида вакилларимиз муносиб иштирок этиб, 7 та олтин, 10 та кумуш ва 5 та бронза медалларини қўлга киритишди. Шунингдек, 22 та шахсий ва жамоавий рекорд натижаларни ҳам қайд этиб, 37 та давлат ичида умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни эгаллашди.

Бу албатта тизимда олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар, шахсий таркибнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликдаги ислоҳотларнинг амалдаги натижасидир. Яъни, бугунги кунда Қуролли Кучларимиз таркибида буюк аждодларимиз Амир Темур, Жалолиддин Мангубердидек мард ва жасур, Ал-Хоразмий, Абу Райхон Беруний, Мирзо Улуғбек сингари ақл-заковатли, илм-маърифатли, етук мутахассислар хизмат қилаётганидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги терма жамоалари бу йилги мусобақаларнинг 21 та йўналишида қатнашиб, 5 тасига мезбонлик қилди. Хусусан, Жиззах вилоятида жойлашган Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” полигонида “Қуролсоз уста” ва “Дала ошхонаси”, Самарқанд вилоятидаги “Сазаган” полигонида “Хавфсиз муҳит”, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда “Йўл патрули” ҳамда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида “Содиқ дўст” мусобақалари ўтказилди.

Халқаро армия ўйинларининг бошқа мусобақалари ўтказиладиган ҳудудларга  етиб борган Ўзбекистон терма жамоалари муҳим тайёргарликлардан сўнг, Россия, Хитой, Беларусь, Эрон, Абхазия, Арманистон, Озарбайжон, Вьетнам, Ҳиндистон, Боливия, Венесуэла, Камерун, Зимбаве, Қозоғистон, Тожикистон  ва Қирғизистон каби ўнлаб давлатлар билан ўзаро куч синашди.

Мусобақалар якуни бўйича “Хавфсиз муҳит”, “Қуролсоз уста”, “Дала ошхонаси”, “Мерганлар марраси”  “Содиқ дўст” эркаклар ва “Содиқ дўст” аёллар жамоалари биринчи, “Эльбрус ҳалқаси”, “Қўшинлар разведкаси аълочиси”, “Ҳарбий-тиббий эстафета”, “Ҳарбий ралли”, “Муҳандис формуласи”, “Отлиқ марафон”, “Десант взводи”, “Қутб юлдузи”, “Ишончли қабул” эркак ва аёллар жамоалари иккинчи, “Автозирхли танк-техника устаси”, “Профессионал мерган”, “Армия тактик ўқчиси”, “Меридиан” ва “Саян юриши” жамоалари учинчи ўринни қўлга киритишди.

Армия ўйинларининг нуфузли мусобақаларидан бири бўлган “Танк биатлони”да вакилларимиз энг кучли жамоаларни ўзида бирлаштирган мусобақанинг биринчи дивизионида муросасиз кураш олиб борди. Кенг курашлар остидаги баҳсларда финалгача етиб борган танкчиларимиз умумий натижага кўра  4 ўринни қайд этди.

Таъкидлаш лозимки, дунё армияларининг энг кучли жамоалари ўзаро кураш олиб борган “Арми–2022” Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон бу йил ҳар қачонгиданда юқори натижаларни қайд этди. Албатта, бу миллий армиямизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг самара бераётганини англатади.

17 сентябрь куни “Ғалаба” боғи ёдгорлик мажмуасининг Амфитеатрида
“АрМИ–2022” Халқаро армия ўйинларида муваффақиятли иштирок этган ҳарбий жамоаларни ҳамда ҳарбий хизматчиларни қутлашга бағишланган тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, Олий Мажлис депутатлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этдилар. Унда ҳар бир мусобақа йўналиши бўйича саҳнага чиққан ҳарбий жамоа аъзолари тантанали равишда вазирлик ва идоралар раҳбарлари томонидан қимматбаҳо ва эсдалик совғалари, пул мукофоти ҳамда белгиланган хизмат муддатидан олдин навбатдаги ҳарбий унвонлар билан тақдирландилар.

Албатта, халқаро майдондаги ютуқлар ва орттирилган тажрибалар миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг билим ва салоҳиятини, касбий тайёргарлигини янада ортишига хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз мустақиллигимизнинг 31 йиллигига муносиб тухфа қилинган бу ютуқ ва ғалабалар замирида давлатимиз томонидан сўнгги йилларда соҳага қаратилаётган юксак эътибор, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини кўриш мумкин.

 

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер