“АрМИ — 2021” кубоги ва бош соврин — “Gentra” автомобили калити қайси жамоага насиб этди?

08:47 03 Сентябр 2021 Жамият
415 0

Кеча Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида “АрМИ – 2021” VII Халқаро армия ўйинлари доирасидаги мамлакатимиз мезбонлик қилган “Ҳарбий-тиббий эстафета” ва “Дала ошхонаси” танловларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Унда Мудофаа вазирлиги масъул мутасаддилари,ҳарбий округ бошқарув аппарати офицерлари, Қуролли Кучлар фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолариҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир аввалида Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестринингжанговар мусиқа садолари остида фахрий қоровул, мусобақа ҳакамлари ҳамдаиштирокчилар майдонда саф тортишди.

Мусобақалар ғолиб ва совриндорлари эълон қилиниб, уларни тақдирлаш маросими бошланди.

Биринчи навбатда “Ҳарбий-тиббий эстафета”нинг аёллар ва эркаклар гуруҳлари ўртасидаги яккалик баҳсларида муносиб кураш олиб бориб, ғолибликка эришган ва жамоасига юқори балларни тақдим қилган врач мутахассислар ҳамда кичик ва ўрта тиббиёт ходимлари “Энг илғор шифокор”, “Энг илғор ўрта тиббиёт ходими”, “Энг яхши ҳайдовчи” номинациялари бўйича медаль ва совғалар билан тақдирланди.

Қувонарлиси шундаки, номинациялар бўйича энг юқори ўринларни асосан ҳамюртларимиз банд қилишди. Фақатгина “Энг яхши ҳайдовчи” номинацияси ғолиби Россия Федерацияси вакили бўлди.

Кейин мазкур мусобақанинг барча шартлари бўйича тўпланган умумий натижаларга кўра I, II, III ўринларни эгаллаган жамоалар шоҳсупага кўтарилишди. Жумладан, Хитой Халқ Республикаси IIIўрин, Россия Федерацияси II ўрин ва ниҳоят, мутлақ ғолиб – Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоасига учинчи бор “АрМИ-2021” кубоги ва бош соврин — “Gentra” автомобилининг калити тантанали топширилди.

“Дала ошхонаси” танловида ҳам қатор номинациялар бўйича ғолиблар эълон қилинди.

Унга кўра, “Энг илғор ошпаз” номинацияси Тожикистон жамоаси вакиллари катта прапоршик Абдураҳмон Шарипов ҳамда оддий аскар Рузибой Кулдашевларга насиб қилган бўлса, Россия Федерацияси вакиллари сержант Наталья Шапирова ҳамда катта прапоршик Александр Скользнев “Энг илғор нонвой” дея эътироф этилди. “Энг илғор ўқчи ошпаз” номинациясига эса ҳамюртимиз кичик сержант Давлат Ҳасанов муносиб кўрилди.

Барча шартларда тўпланган умумий баллар бўйича Ветнам Социалистик Республикаси ҳамда Беларусь Республикаси – учинчи ўрин, Россия Федерацияси эса иккинчи ўрин учун шоҳсупага кўтарилди.

“Дала ошхонаси” танловининг мутлақ ғолиби — ҳарбий ошпазларимиз шоҳсупанинг олий ўрнига кўтарилиб, биринчи бор “АрМИ–2021” кубогини қабул қилиб олди. Мазкур жамоага ҳам “Gentra” автомобили тантанали топширилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилги “Ҳарбий-тиббий эстафета” мусобақасида жами 8 давлат: Ўзбекистон, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси, Вьетнам, Мьянма, Фаластин, Тожикистон;

“Дала ошхонаси” мусобақасида эса 5 давлат: Ўзбекистон, Вьетнам, Россия Федерацияси, Беларусь, Тожикистон Республикасижамоалари иштирок этди.

Маросимда Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ресурслар билан таъминлаш департаменти бошлиғи генерал-майор Валерий Муминжанов сўзга чиқиб, ғолиб ва совриндорларни қутлади ҳамда меҳмондўст ўзбек халқига самимий миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев ўз сўзида мусобақалар ташкилотчилари, мураббийларнинг машаққатли меҳнати, иштирокчиларнинг фидойилиги ҳамда уларнинг ўз мамлакатлари Қуролли Кучлари шаънини муносиб ҳимоя қилганини, шунингдек мусобақалар жараёнини тезкор ва холис ёритиб борган оммавий ахборот воситалари ходимлари меҳнатини алоҳида эътироф этиб ўтди.

Ҳакамлар ва иштирокчи жамоаларнинг тантанали саф юришидан сўнг маросимнинг бадиий қисми бошланди.Унда ҳарбий ва маҳаллий санъаткорлар ижросида катта концерт дастури намойиш этилди.

Бундан ташқари, меҳмонлар тунги “Фориш” тоғ полигони гўзаллигидан баҳраманд бўлишди ва тадбирнинг якуний босқичида ҳайратланарли мушакбозлик уюштирилди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?