«АрМИ–2021»: «Ҳарбий-тиббий эстафета» ва «Дала ошхонаси» танловига старт берилди(Фоторепортаж)

08:10 23 Август 2021 Жамият
423 0

Фото: Ҳасан Пайдоев("Халқ сўзи")

Кеча, 22 август куни Марказий ҳарбий округнинг «Фориш» тоғ полигонида «АрМИ – 2021» VII Халқаро армия ўйинларининг мамлакатимиз мезбонлик қилаётган «Ҳарбий-тиббий эстафета» ва «Дала ошхонаси» танловига старт берилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов, Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов, иштирокчи давлатлар жамоалари вакиллари, сенаторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, фахрийлар ва ёшлар, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.

Жорий йилги «Ҳарбий-тиббий эстафета» мусобақасида жами 8 давлат: Ўзбекистон, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Беларус Республикаси, Вьетнам, Мянма, Фаластин, Тожикистон;

«Дала ошхонаси» мусобақасида эса 5 давлат: Ўзбекистон, Вьетнам, Россия Федерацияси, Беларус Республикаси, Тожикистон жамоалари иштирок этмоқда.

Дастлаб Халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилаётган «Ҳарбий-тиббий эстафета» ҳамда «Дала ошхонаси» мусобақаларини тантанали очиш ва табрик учун сўз Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбановга берилди.

Халқаро мусобақаларни кириш сўзи билан очиб берган Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири иштирокчиларни қутлаб, уларга омадлар тилади.

Шундан сўнг табрик учун сўз Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановга берилди.

Тантанали маросимда ҳакамлар, мусобақа қатнашчилари, фахрий қоровул ва линейчилар тантанали марш билан ўтишди.

Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестрининг кўргазмали дефилеси, таниқли бадиий жамоалар ва санъаткорлар ижросидаги катта концерт дастури ҳамда турли халқлар маданиятини ифода этувчи бадиий чиқишлар намойиш қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси курсантлари қурол билан кўргазмали чиқишларни ижро этишди.

Ҳасан ПАЙДОЕВ ("Халқ сўзи") олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?