Археологлар Добусия ёдгорлигида мудофаа деворини топишди

12:59 13 Июль 2022 Жамият
320 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд билан Бухоро шаҳрини ўзаро боғлаб турган Буюк ипак йўли устида жойлашган қадимги кентлар ичида энг йириги ва аҳамиятлиси - бу Добусия шаҳарчасидир.

Добусия ёдгорлигида олиб борилган археологик тадқиқотлар бу ерда савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик яхши ривожланганини кўрсатди. Қазишмалар пайтида Добусиядан топилган кулолчилик маҳсулотлари ўз сифати, нафислиги ва жаранги билан яққол ажралиб туради. Добусиялик темирчилар ясаган қурол- яроғлар, совутлар ва меҳнат қуроллари асрлар давомида сифатини йўқотмаган.

Бундан ўн йиллар илгари Ўзбекистон Фанлар академияси Я. Ғуломов номидаги археологик тадқиқотлар институти олимлари япониялик ҳамкасблари ҳамкорликда Добусияда қазишмалар олиб борди. Бу ёдгорликда олиб борилган кенг кўламли қазишмалар натижасида ушбу шаҳарчага бундан 2600 йиллар илгари асос солингани исботини топди.

Бу ушбу шаҳарни Зарафшон воҳасида Самарқанддан кейинги иккинчи қадимий шаҳар эканлигини кўрсатади. Шунингдек, Добусия бағрида халқимизнинг қарийб уч минг йиллик тарихи, маданияти ва маънавияти «ухлаб» ётибди.

Шу кунларда Самарқанд давлат университети ўқитувчилари, талабалари ҳамда Самарқанд археология институти илмий ходимлари Добусия ёдгорлигида археологик қазишма ишларини олиб бормоқда. Мазкур экспедицияга университет ўқитувчиси, Самарқанд археология институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов раҳбарлик қилмоқда.

Қалъанинг шаҳристон қисмидаги қазишмалар натижасида қалинлиги 2-4 метрли мудофаа девори мавжудлиги аниқланди. Очиб ўрганилганида, турар жой ўринлари, сомонийлар ва қорахонийлар даврига оид бўлган танга-пуллар топилди.

Добусия ёдгорлигининг устки қисмида металл ва тошқуролнинг қайд этилиши ўрта асларда бу кўҳна кентда нафақат кулолчилик ва ҳунармандчилик, балки металсозликнинг ҳам ривожланганлигидан гувоҳлик беради. Шунингдек, Добусияда йигирмадан ортиқ бўлган бадраф ўринлари ҳам аниқланди. Бу ўрта асрларда Сўғдда гигиенага алоҳида эътибор берилганлигини англатади.
 

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер