Арк қўрғонида “Хаттотлик ва унинг фалсафаси” мавзуида анжуман ўтказилди

16:56 26 Декабрь 2023 Жамият
607 0

Фото: "Халқ сўзи"

— XIV-XV асрларда илм-фан, маданият ва санъатнинг барча соҳаларида бўлгани каби хаттотлик санъатида ҳам мисли кўрилмаган юксалиш кузатилди, — дейди Бухоро давлат музей-қўриқхонаси тарих илмий бўлими мудири Ўктамали Равшанов.— Шу даврдан бошлаб Ўрта Осиёнинг турли минтақаларида бир неча хаттотлик мактаби пайдо бўлди. Бухоро, Хоразм, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактаблари шулар жумласидан.

Хаттотлик санъатига қизиқиш кучайгани сабабларидан бири қадимда китоб чоп этадиган босмахоналар мавжуд бўлмаганлигидир. XVI асрда Шайбонийлар сулоласи вакиллари саъй-ҳаракатлари билан асос солинган Бухоро хаттотлик мактаби Мирали Ҳиравий (вафоти 1557 йил), Мир Убайд Бухорий (ваф. 1601 й.), Мир Ҳусайн Кўланкий Бухорий (XVI аср), Саййид Абдуллоҳ Бухорий (вафоти 1647), Ҳожи Ёдгор (вафоти 1663), Пирмуҳаммад Сўфи Бухорий, Мирза Бухорий, Султон Муҳаммад Бухорий, Абдураҳмон Баркий Мунший (XV аср), Иноятилло Котиб (ХVII аср), Мирза Абдураҳмон (ХVIII аср), Фозил Девона (ХIХ аср) Аҳмад Дониш (1826–1897), домло Бобобек (XIX аср боши), Абдул Фаттоҳхон Мирза Маҳдихон (XIX-XX аср боши) каби вакиллари билан шуҳрат қозонди.

— Бухоро давлат музей-қўриқхонаси қўлёзмалар фондида кўплаб хаттотларнинг иш намуналари сақланиб қолган, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, Шарқ қўлёзмаларни тадқиқ қилиш бўлими мудири А.Аҳмедов. — Жумладан, Мир Али Ҳиравий, Домло Бобобек, Шаҳобиддин Маҳдум Фозилжон ўғли, Аҳмад Дониш, Мирзо Сиддиқхон тўра Ҳишмат, Мирзо Абдул Карим, Муҳаммад Ражаб Балхий, Ҳикматулло Хўжа Маҳдум, Султонмурод Намадий, Муҳаммад Ризо, Муҳаммад Ҳўқандий, Камтарий, Арабшоҳ Бухорий, Мирзо Маҳдум Самарқандий, Акобир Кайфий Бадахший, Саййид Нуриддин, Мирзо Содиқ Жондорий, Мирзо Абдуллойи Савдо, Дабирий, Ғуломжон Мирзо Қобил мирохўр, Муҳаммад Шариф Садри Зиё, Маҳдихон котиб, Абдулфаттох бин Маҳдихон, Ҳожи Мир Бақо ва шу каби кўплаб котибларнинг хаттотлик ишларидан намуналар мавжуд.

Шу намуналарнинг аксарияти Арк қўрғонида “Хаттотлик ва унинг фалсафаси” деб номланган анжуман ва кўргазмада намойишга қўйилди.Тадбир аввалида музей-қўриқхона директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Ж. Халилов, Тожикистон педагогика институти проректори, тарих фанлари доктори, профессор Ш. Воҳидов, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети доценти, тарих фанлари номзоди Н. Хидирова, Бухоро давлат университети профессори, филология фанлари доктори З. Амонова ва бошқалар хаттотликнинг Ўрта Осиё халқлари маънавий-маърифий ҳаётида тутган ўрни, китобаатчилик санъатининг шаклланиши, қўлёзмаларни ўрганиш каби қатор мавзуларда маърузалар қилишди, хаттотликни тадқиқ қилиш, матнларни ўқий оладиган мутахассисларни тайёрлаш билан боғлиқ фойдали таклифларни ўртага ташлашди.

Хаттотлик санъати ихлосмандлари, мозийшунослар, шарқшунос тадқиқотчилар, бухоролик толиби илмлар, Самарқанд давлат университетида тарих йўналишида таҳсил олаётган хитойлик бир гуруҳ талабалар қатнашган тадбир якунида иштирокчилар қадимий қўлёзмалар кўргазмаси билан яқиндан танишдилар.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?