АҚШнинг Техас штати савдо миссияси илк бор Ўзбекистонга келади

16:09 30 Сентябр 2022 Сиёсат
658 0

Фото: Ташқи ишлар вазирлигининг "Дунё" ахборот агентлиги

Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов Остин шаҳрида Техас штати қишлоқ хўжалиги вазири (Техас Агриcултуре Cоммиссионер) Сид Миллер билан музокаралар ўтказди.

Учрашувда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги саноатини такомиллаштириш жараёнига Техаснинг йирик компанияларини жалб этиш, Ўзбекистон ва АҚШ қишлоқ хўжалиги бошқармалари ва илмий муассасалар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, шунингдек, республикамизга Техас штати савдо миссиясини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Сид Миллер республикада амалга оширилаётган илғор иқтисодий чора-тадбирларни олқишлади. «Мамлакатнинг барқарор ва узоқ муддатли фаровонлигини таъминлашда ушбу ислоҳотлар муҳим аҳамиятга эга», дея таъкидлади вазир. Унинг айтишича, Техас бу борада мисол бўла олади. Қишлоқ хўжалиги анъанавий тарзда штат иқтисодиётида муҳим роль ўйнаган ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилган. Техасдаги 4 минг 700 дан ортиқ фермер хўжаликлари ва ранчоларнинг ҳар бири бир оила томонидан 100 йил ёки ундан кўпроқ вақт давомида бошқариб келинмоқда.

Сид Миллер аграр соҳага илғор технологияларни жорий этиш, мураккаб иқлим шароитида экинлар ҳосилдорлигини оширишда Техас университетларининг академик салоҳиятидан фойдаланиш каби соҳаларда томонлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Хусусан, Ўзбекистоннинг ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари билан пахта етиштириш бўйича етакчи таълим муассасаси бўлган Техас технология университетининг Қишлоқ хўжалиги фанлари ва табиий ресурслар коллежи ўртасида академик ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этилди.

Вазир, шунингдек, Ўзбекистоннинг тегишли тузилмалари ва Техас пахтакорлари ушмаси - «Плаинс Cоттон Гроwэрс» ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш имкониятини кўриб чиқишни билдирди. Қайд этилишича, ушбу уюшма 1956 йилда ташкил этилган бўлиб, штатдаги барча пахта етиштирувчи корхоналарнинг 80 фоиздан ортиғини бирлаштиради. Уюшма аъзолари томонидан АҚШда умумий пахтанинг 30 фоизи, жаҳонда эса 4 фоизи етиштирилади.

Музокаралар якунида 2023 йил март ойида Сид Миллер бошчилигидаги делегация ва савдо миссиясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Америка вакиллари, шунингдек, 2023 йил 28-30 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «УзФоод2023» халқаро озиқ-овқат, ингредиентлар ва озиқ-овқат технологиялари кўргазмаси доирасида махсус Техас павилонини ташкил этиш таклифини ҳам қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, Техас аҳолиси (30 миллион киши), ҳудуди (695,6 квадрат километр) ва ялпи ҳудудий маҳсулоти (2 триллион доллар) бўйича АҚШнинг иккинчи йирик штатидир. Ривожланаётган саноат базаси билан штат кўплаб соҳаларда, жумладан, қишлоқ хўжалиги, нефть-кимё, энергетика, аэрокосмик ва биотиббиёт жабҳаларида етакчилик қилмоқда. Штат қишлоқ хўжалиги саноатининг умумий иқтисодий қиймати 100 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг тизимли мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш бўйича эришган муваффақиятларини ҳисобга олиб, АҚШ Меҳнат вазирлиги мамлакатимизда етиштирилган пахта ҳосилини «Болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар рўйхати»дан чиқарилишини эълон қилди. Ушбу қарор Ўзбекистонда етиштирилган пахта ва ундан тайёрланган маҳсулотларни АҚШга олиб киришга қўйилган расмий чекловларни бекор қилади ва шу орқали маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш учун янги имкониятлар яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер