АҚШда Ўзбекистон Президентининг янгича ислоҳотлари ва ташаббуслари ҳақида китоб нашр этилади

14:18 25 Март 2018 Сиёсат
1646 0
Фото: uzreport

Эртага Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ўз ишини бошлайди. Мазкур анжуманнинг аҳамияти, долзарблиги, истиқболда ўйнайдиган муҳим роли ҳақида “Uzreport” ахборот агентлиги мухбири Гулноза Ҳусанова Марказий Осиё, хусусан, Афғонистон муаммосини чуқур биладиган, АҚШ пойтахтидаги Жон Хопкинс номидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раҳбари ҳамда асосчиси Фредерик Старр билан суҳбатлашди . Интервью экспертнинг Вашингтондаги уйида ўтказилди.
Қуйида сиз ана шу мулоқот мазмуни билан танишиб чиқасиз.

— Жаноб Старр, Афғонистондаги қарама-қаршиликлар, низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган шароитлар ҳақида фикр билдириб ўтсангиз.
— Албатта, биз охирги ўн йил, ҳатто ярим асрлик фожиавий тарихни яхши биламиз. У ердаги муаммо ва мураккабликлар фавқулодда оғир. Бу борадаги қатъий фактларни тан олиш керак. Лекин йўлга чиққанда фақат кўзгуга қараб ҳаракатланиш ярамайди. Зеро, бу хавфли ва муваффақиятсиздир. Фақат олдинга қараш керак. Менинг фикримча, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси бугун дунё майдонидаги энг асосий қадамлардан биридир. Яъни бу Жануб томон юзланишдир. Нима учун? Чунки, оддийгина сув масаласини олиб кўрайлик. Сув сизлар ва барча учун фавқулодда муҳим. Демак, Афғонистон сув бўйича барча муҳокамаларда иштирок этиши муқаррар. Шундай бўлади ҳам. Ва транспорт жабҳаси. Сизнинг янги темир йўлингиз Афғонистон ҳукумати учун жуда муҳим. Гап шундаки, Ўзбекистон Афғонистон иқтисодий тараққиётида энг асосий роль ўйнаш имкониятига эга. Бундай имконият аллақачон яратилган. Мозори Шарифга қаранг. Бугун жуда тирик, жонли шаҳарга айланган. У ерда кўплаб пойтахтлар, чегараолди ҳудудлар билан тўғридан-тўғри алоқалар йўлга қўйилган. Тадбиркорлар у ёқдан бу ёққа қатнаяпти, савдо қилаяпти, парвоз қилмоқда. Бу бошқа масалаларга қарамасдан мўъжиза. Бу истеъдодли ишбилармонларнинг сизлар билан қардошлигини ҳис қилаётганидир. Бу, ўйлашимча, нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё учун ҳам улкан истиқболдир. 

Мен Қозоғистонда ҳам кўплаб ёш афғонлар таълим олаётганини ҳайрат билан кузатаяпман. Қирғизистон ҳам ушбу мамлакатни электрлаштириш бўйича ўз имкониятларини изламоқда. Ва албатта, Туркманистон. Бу унинг улкан лойиҳаси - ТАПИ билан боғлиқ. Бу вақт давомида амалга оширилишига ишончим комил. Кўриниб турибдики, ҳамма алоҳида-алоҳида бўлиб, лекин ягона мақсад сари бораётган эди. Энди Ўзбекистон ташаббуси билан ана шу саъй-ҳаракатлар бирлаштирилиб, таъбир жоиз бўлса, уйғунликда бажарилади. Бу катта плюс.

— Яна бир масалада фикрингизни билишни истардим. Яқинда Тошкент Афғонистон муаммоси муҳокамаси бўйича катта майдонга айланади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг мазкур ташаббусини қандай баҳолайсиз?
— Бу ҳамма учун фойдали. Нимага? Чунки, биринчидан, шу орқали ижобий, ҳатто, катта эҳтимол билан амалий қадамлар қўйилиши аниқ. Энг асосийси, Марказий Осиёнинг ўзи бу конференцияни йиғди. Бинобарин, бу сизнинг Президентингиз ташаббуси билан содир бўлаётгани фавқулодда аҳамиятлидир. Бу бутун дунёга “Биз минтақавий муаммоларни ўзимиз ҳал эта оламиз” деган қарашни намоён этишдир. 

Шундай экан, катта давлатларга мурожаат қилиш шарт эмас. Чунки бу минтақа ўз шахслари, талантлари, тарихи, манфаатларига эга. Буларнинг барчасини мазкур анжуман ўзида ифодалаб бермоқда. Чуқур ҳурмат билан мазкур лойиҳага қараяпман. Зотан,бу  нафақат Афғонистон, балки бутун Марказий Осиёга қаратилган лойиҳадир.

— Тинчликка эришиш учун фақат афғонларнинг хоҳиш-истаги етарли эмас. БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоларининг мазкур масала бўйича консенсуси нақадар муҳим? Шу саволга тўхталиб ўтсангиз.
— Албатта, бу масала алоҳида манфаатларнинг даҳшатли қарама-қаршилигидир. У ерда катта сиёсат соҳасида мавжуд кўп нарсалар шундоққина кўриниб турибди. Энг яхшиси, афғон халқини ўз ҳаёти билан яшашга имкон беринг. 
Афғонистон бу фақат бизга алоқадар бирлик бўлса ҳам, бошқаларнинг ҳам бу ерда манфаати, муштарак тарихи ва тақдири бор. Ишончим комилки, улар ҳам вақт ўтиши билан мустақил ва суверен Афғонистон билан ишлаш яхшироқ эканлигини англаб етади. Аммо биласизми, Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги барча давлатлар учун Жанубдан дарча очилиши фавқулодда муҳим. Гап нафақат, Жанубга битта йўл ҳақида кетаяпти. Масалан, Ҳирот орқали Чарбахар портига, иккинчиси Қандаҳор орқали Гвадар портига чиқиш. Нима учун иккита порт дерсиз? Сабаби, биринчидан муқобил йўлаклар яратилади. Кейин, энг асосийси, Тошкент — Гвадар ўртасидаги тўғридан-тўғри конференция энг самарали йўл ҳисобланади.

— Жаноб Старр, Афғонистондаги вазият нормаллашиши учун яна қандай саъй-ҳаракатлар қилиниши зарур?
— Фикримча, ҳозиргача хотиржам ўтириб, жим томоша қилиб ўтирган кўп давлатларни ҳам эшитиб кўриш керак. Мисол учун, Япония. Жуда ривожланган, иқтисодиёти жуда илғор давлат. Ушбу давлат ҳозирча ўзини бу масаладан тийиб турибди. У янада фаол иштирок этганда эса яхши бўларди. Худди шу гапни Жанубий Корея ҳақида ҳам айтиш мумкин. Ҳиндистон эса аллақачон киришган. Европаликлар ҳам янада фаол бўлиши мақсадга мувофиқ. 

Яна бир муҳим томони, уни ўраб турган давлат ва ҳокимиятлар фақат битта давлат вазиятни назорат қила олмаслигини ўзаро тушуниши ҳамда ҳамма ўзини ўзи вазмин тута олиши даркор. Ўйлашимча, “Агар сиз ўзингизни рисоладагидек тутсангиз, мен ҳам ўзимни худди шундай тутаман” деган ўзаро тушуниш ҳисси вақти-соати билан у ерда пайдо бўлади. 

Мен оптимистман. Самарқандда Афғонистоннинг бугунги қисматини Корея урушидан кейинги Жанубий Корея қисмати билан солиштирган эдим. Афғонистондаги вазият уникиникидан бир неча баробар яхши. Ушбу мамлакатда улкан ресурслар мавжуд, жойлашуви қулай, истеъдодли ёш авлод ёрқин билинади. Мазкур ҳудуд минг йиллар давомида транспорт ва савдо марказларидан бири бўлиб келган. Уларнинг ҳаммаси катта плюслар. Агар биз биринчи бўлиб катта қадам қўя олсак, қолганлари ҳам бўлади. Фикримча, биринчи ҳал қилувчи қадамни топиш имконияти мавжуд. Олдинга ташланадиган қадамлар шарофати билан, ишончим комилки, Афғонистон гуллаб-яшнашини кўришгача етиб борамиз. 

Модомики, сиз қачонки вазият ёмон деб ҳисобласангиз, уни умуман ўзгартириб бўлмайди деб ишонсангиз, ҳеч нарсани ўзгарита олмайсиз. Ҳозир эса янгича психология, фикрлаш даври келди. У ҳам бўлса - юқори марраларни кутиш. Бундан чиқадиган натижа нафақат Афғонистон, балки Марказий Осиё учун яхлит маъно касб этади.

— Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари қандай?
— Афғонистон Марказий Осиёнинг иқтисодиёти, маданиятининг бир қисмига айланиши муқаррар. Бу шубҳасиз.

— Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё, хусусан, Афғонистонга нисбатан сиёсатини қандай баҳолайсиз?
— Менинг мутлақо ишончим комилки, Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган ўзгаришлар, ислоҳотлар, янги ташаббуслар нафақат минтақавий, балки дунё саҳнасида муҳим ва катта қизиқиш уйғотмоқда. Нима учун муҳим? Энг журъатли, мардонавор, ижобий ислоҳотлар дунёда, ҳеч кутилмаганда, Ўзбекистонда содир бўлаяпти. Эндиликда бу ҳақида китоб ёзмоқдамиз. Уч ойдан кейин нашр этилади. Бу нафақат хорижлик ўқувчилар, балки сизлар учун ҳам жуда қизиқ бўлади. Нега бундай қилаяпмиз? Чунки биринчидан, Янги Президентнинг қадамлари бундай бўлганди деб кўрсатиш. Иккинчидан, савол берамиз: “Мазкур ислоҳотлар келажакда қандай имкониятлар беради?” 

Ушбу янгиланишларда кўплаб ёш авлод вакилларингиз фаол иштирок этаётганига некбинлик билан қараяпман. Улар билимли, дунё кўрган, кўп нарсани билади. Ҳар куни бундай янгича руҳият, тафаккур ҳар куни сезилаяпти. Ўйлашимча, улардан минтақадаги янги маданият келиб чиқади. Тарихдан маълумки, Ўзбекистон ҳудуди ҳамиша марказ бўлиб келган. Бугун ана шундай ҳолатга қайтишимизни ҳис этаяпман.
Тошкентдаги воқеаларни эса чуқур ҳурмат ва иштиёқ билан кузатиб бораман.

— Уйингизга таклиф қилиб, қимматли фикрларингиз билан ўртоқлашганингиз учун катта раҳмат.   
— Улкан муваффақиятлар тилайман.  
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?