АҚШда «Эл-юрт умиди» фонди стипендиатлари билан учрашув ўтказилди

20:50 31 Январь 2022 Жамият
1013 0

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов AҚШ ва Канадада таҳсил олаётган «Эл-юрт умиди» фонди стипендиатлари билан видеоконференция шаклида учрашди.

Учрашув бошланишида, мамлакатимиз томонидан ёшларимизга берилаётган улкан ишонч, уларнинг хорижий мамлакатларда таълим олиши учун яратилаётган кенг имкониятлар, давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар томонлама етук, интеллектуал салоҳиятли ва халқаро стандартларга мос келадиган кадрлар тайёрлашга берилаётган алоҳида эътибор ҳақида ёшларга батафсил маълумот берилди.

АҚШ ва Ўзбекистон университетлари ўртасида бевосита шериклик алоқаларини ўрнатиш, «Эл-юрт умиди» жамғармасини Америка Қўшма Штатларида таълим дастурлари ва стажировкаларни ташкил этиш учун жалб этиш, шунингдек, бу соҳада грант дастурлари уюштириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Талабалар билан уюштирилган тадбир очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, унда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди, ҳамда уларнинг бир қатор таклиф ва тавсиялари муҳокама қилинди. Хусусан, «Эл-юрт умиди» фонди стипендиатларининг ёзги таътил мобайнида маҳаллий ҳокимият, нодавлат ва нотижорат ҳамда Американинг йирик компанияларда амалиёт ўташ масаласи муҳокама қилинди. Ўзбекистонлик талабалар мамлакатимизнинг Вашингтон шаҳридаги дипломатик ваколатхонаси ва Ўзбекистон Республикаси давлат ташкилотларида ҳам шу турдаги амалиёт дастурларини жорий этиш имкониятлари билан қизиқишди.

Элчихона томонидан талабалар учун AҚШ Конгресси, хусусан Вакиллар палатасидаги «Ўзбекистон бўйича Кокус» вакилларининг офисларида ва бошқа бир қатор маҳаллий ҳукумат идораларида ҳам амалиёт ташкил этиш учун имкониятлар мавжудлиги, қизиқувчилар учун тегишли мурожаатларни Америка тарафига тақдим этилиши мумкинлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек «Эл-юрт умиди» фонди стипендиатларига улар таҳсил олаётган олий ўқув юртлари билан ҳамкорликларни кенгайтириш, ўзбекистонлик ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишиш, ҳамда консуллик хизматларини кўрсатишда енгиллик яратиш мақсадида жорий йил Элчихона делегациясининг ушбу штатларга ташрифлари режалаштирилгани ҳақида маълумотлар берилди.

Муҳокамалар чоғида талабаларга қулайликлар яратиш мақсадида АҚШдаги «Эл-юрт умиди» фонди стипендиатлари ва мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси ходимларидан ташкил топган «Telegram» ижтимоий тармоғида махсус гуруҳ шакллантирилгани, вужудга келган муаммолар, таклифлар ҳамда консуллик хизматларига оид саволлар билан ушбу платформа орқали мурожаат қилиш имконияти борлиги айтиб ўтилди.

Шуни эслатиб ўтиш жоизки, бугунги кунда 82 нафар «Эл-юрт умиди» фонди стипендиатлари AҚШнинг 14 штати ва Канадада жойлашган 30 га яқин олийгоҳларда таълим олиб келмоқда. Улардан 63 таси бакалавриат, 17 таси магистратура ва 2 таси докторантура (PhD) босқичларида таҳсил олишади. Шу жумладан, таълим йўналишлари кесимида эса аксарият талабалар компьютер технологиялари ва дастурлаш (19 та талаба), ҳуқуқ (9 та), бизнес бошқаруви (7 та), иқтисодиёт (6 та), кимё муҳандислиги (6 та), қишлоқ хўжалиги (3 та), молия (3 та) ва бошқа соҳаларини ўрганишмоқда.

Кўп сонли талабаларимиз Аризона давлат университети, Синсиннати университети, Жанубий Флорида университети, Флорида давлат университети, Стенфорд университети, Вашингтон университети каби АҚШнинг энг илғор ўқув юртларида билим олишмоқда. Хусусан Флорида давлат университети 2021 йилда Глобал университетлар (US News & World Report) рейтингида энг илғор 5 та олийгоҳлардан бири саналади.

Дўстона ва конструктив муҳитда ўтган учрашув якунида Ўзбекистонлик талабалар ва ёш олимлар билан келгусида бундай мулоқотларни мунтазам ўтказишга ҳамда АҚШ ва Канададаги фаол ўзбек ёшлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер