АҚШда Алишер Навоийнинг 580 йиллик таваллуд айёми кенг нишонланади

15:28 04 Февраль 2021 Маданият
632 0

Ўзбекистон Республикасининг Вашингтон шаҳридаги дипломатик ваколатхонаси маълумотига кўра, 9 февраль куни ўзбек мумтоз адабиёти ва адабий тилининг асосчиси Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг 580 йиллик таваллуд айёми АҚШда кенг нишонланади.

Мазкур тадбирда Америка Қўшма Штатларининг турли ташкилотларидан кўплаб мутахассислар иштирок этиши ва қизиқарли презентация ҳамда маърузалар қилишлари кутилмоқда.

Улар орасида Марказий Осиё ва Кавказ институтининг асосчиси ва раиси Фредерик Старр, Огаё давлат университетининг Яқин Шарқ тиллари ва маданияти кафедраси мудири, ўзбек тили дастури раҳбари Скотт Леви, Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» асарини инглиз тилига таржимаси муаллифи Марк Риз, АҚШ Конгресси кутубхонаси Яқин шарқ бошқармаси директори Жоан Викс, Жорж Вашингтон университети профессори Лаурел Грей каби юртимиз бой тарихи ва маданиятини чуқур ўрганган олимлар нутқ сўзлайдилар.

Анжуманни мамлакатимизнинг Вашингтондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов ва Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари Камола Оқилова очиб беришади.

Тадбир меҳмонларидан бири «Янги Девон» китоби муаллифи шоир Эндрю Станиланд Алишер Навоий ижоди асосида илҳомланиб классик услубда ёзилган шеърларини иштирокчилар эътиборига тақдим этади. 

Бундан ташқари, АҚШда истиқомат қилаётган ва ўзбек адабий санъатига бефарқ бўлмаган қатор Ўзбекистоннинг америкалик дўстлари Навоий ижод маҳсулларини ўқишда ўз маҳоратларини намойиш этишади. Якуний қисмда эса қисқа концерт дастури ҳам жой эгаллаган.

Элчихон томонидан ташкил этилаётган анжуман барча иштирокчиларга очиқ бўлиб, унга қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтиш мумкин: https://us02web.zoom.us/webinar/register/WN_dDJBG3jLRh6_zxM5xE_gjwe

Тадбир куни: 2021 йил 9 февраль.

Тадбир Тошкент вақти билан соат 20:00 да, Вашингтон вақти билан 10:00 да бошланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?