АҚШ ва Канададаги ватандошларимиз Мустақилигимизнинг 30 йиллигини кенг нишонлашмоқда

10:27 03 Сентябр 2021 Жамият
219 0

Вашингтондаги дипломатик миссиямизнинг хабар беришича, Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси, Нью-Йоркдаги бош консулхонаси ташаббуси билан Америка Қўшма Штатлари ва Канададаги ватандошларимиз билан биргаликда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган онлайн байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда АҚШ ва Канаданинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз томонидан Ватанимиз истиқлол айёмига бағишланган оммавий томошалар, дала сайиллари, автоулов парадлари, маданият, спорт ва санъат усталарининг қизиқарли чиқишлари намойиш этилди.

Тадбирни ижтимоий тармоқлар орқали жонли эфирда минглаб ватандошларимиз Ўзбекистон, АҚШ, Канада ва дунёнинг турли чеккаларидан томоша қилишди.

Тадбир бошида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Вахабов, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов, Нью-Йоркдаги бош консул Камол Икрамовлар нутқ билан мурожаат қилиб, ватандошларимиз ва тадбирни онлайн томоша қилаётганларни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик айёми табриклашди. Сўнги йилларда мамлакатимиз тараққиётини янги, юксак босқичга кўтарилганига, ҳамда юртимизда янги давлат ва жамият қуриш учун тарихий ишлар амалга оширилаётганига, катта марралар забт этилганига алоҳида эътибор қаратилди. Янги Ўзбекистонда демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умум эътироф этилган принципларга қатъий амал қилган ҳолда, давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий илдизлари мустаҳкамланаётгани таъкидланди.

Ватандош уюшмалар билан эса кўп қиррали ишлар олиб борилаётганига алоҳида тўхталиб, уларнинг Ўзбекистоннинг Америкадаги мавқейини ошириш, миллатимизнинг урф-одатлари, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ҳамда юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштиришдаги қўшиб келаётган ҳиссалари учун ташаккур билдирилди.

Ўз навбатида «Ватандошлар» жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари Равшан Эрматов эса эзгу тилаклар тилаб, мамлакатимиз томонидан хориждаги ватандошларимизга қаратилаётган катта эътибор ҳақида айтиб ўтди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янги «Ватандошлар» жамоат фонди ташкил этилгани ватандош уюшмалар билан тизимли равишда фаол мулоқот олиб бориш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарихий Ватан атрофида жипслаштириш учун янги имконият очаётгани ҳақида сўзлади.

Тадбир давом этар экан, «Америка-Ўзбекистон уюшмаси» раҳбари (Виржиния штати) Нодир Закиров сўзга чиқиб Вашингтондаги элчихонамиз олдидан автоулов парадини бошлаб берди.

Халқ ардоғидаги санъаткорлар София Сафтарова ва Лариса Москалёвалар ҳам қатнашчиларни мустақиллик байрами билан табриклаб, мусиқали чиқиш билан барчани хушнуд қилди.

Байрам тадбирида бокс бўйича Осиё, жаҳон ва олимпия чемпионлари ва совриндорлари Баҳодир Жалолов, Исроил Мадримов, Муроджон Ахмадалиев, Муайтай бўйича 3 карра жаҳон ва Осиё чемпиони Акрам Шарипов, UFC чемпиони Маҳмуд Муродов ва бошқа спорт усталари ҳам иштирокчиларга ўз табрикларини юборишди.

“Mahalla USA нодавлат нотижорат ташкилоти» вакиллари эса мустақиллик байрамини нишонлаш мақсадида бир неча юзлаб ватандошларимиз иштирокида автокарвон парадини ташкил этишди.

Американинг ғарбий соҳилидан эса «Сан-Франциско кўрфазидаги ўзбеклар жамияти маркази» (Калифорния штати) вакиллари ҳам онлайн тадбирга уланиб ўзларининг илиқ тилакларини билдиришди.

Шунингдек он-лайн маросимда бир қатор ўзбек диаспора ташкилотлар, хусусан "Hamkor Uz Синсиннати Ассоциацияси» (Огайо штати), «Чикагодаги Ўзбекистон - Америка Ассоциацияси» (Иллинойс штати), Сиэтлдаги «Ўзбек маҳалласи» жамияти (Вашингтон штати), «Юртдош Ўзбек - Америка Ассоциацияси» (Пенсилвания штати), «Питтсбургдаги ўзбеклар жамияти» (Пенсилвания штати), «Атланта-Ўзбек уюшмаси» (Жоржия штати) - жами 14 диаспора ташкилотлари вакиллари ва Канадалаги ватандошларимиз мустақилликка бағишланган байрам тадбирида ўз табрик ва қизиқарли чиқишлари билан қатнашишди.

Мустақиллигимизга бағишланган бир қатор тадбирлар АҚШ ва Канадада ўтказилиши давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?