АҚШ ва Исроил Ғазо секторида назоратни кимга топширишни жиддий муҳокама қилмоқда

17:46 18 Январь 2024 Дунё
352 0

Фото: AP

АҚШ ва Исроил урушдан кейин Ғазо сектори устидан назоратни Фаластин миллий маъмуриятига ўтказиш бўйича “жиддий” музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда “Al Arabiya” телеканали ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.

“Урушдан кейин Ғазо устидан назоратни Фаластин маъмуриятига топшириш бўйича АҚШ-Исроил жиддий музокаралар олиб борилмоқда”, — дейилади телеканал хабарида.

“Al Arabiya” манбаларига кўра, яқинда Исроил, Америка ва Фаластин расмийлари анклав келажагини муҳокама қилган.

Аввалроқ, Исроилнинг “Times of Israel” газетаси Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяхунинг “ўта ўнг” коалициядаги ҳамкорлари Фаластин миллий маъмуриятининг Ғазо секторидаги ҳукмронлиги ҳақидаги ҳар қандай муҳокамани рад этиши ҳақида хабар берган эди.

Ғазо секторидаги вазият 2023 йилнинг 7 октябрь куни кескинлашди. Бунга Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбий қаноти томонидан эълон қилинган “Ал-Ақсо тўфони” операцияси доирасида Исроил ҳудудига юзлаб ракеталар учирилгани сабаб бўлди. Шундан сўнг ташкилот жангчилари Исроил жанубидаги чегара ҳудудларига кириб, у ерда ҳам ҳарбий, ҳам тинч аҳолига қарата ўт очган, шунингдек, 200 дан ортиқ одамни гаровга олган.

Исроил расмийларининг сўнгги маълумотларига кўра, ушбу ҳужум оқибатида тахминан 1,2 минг киши ҳалок бўлган, бу рақам тинч аҳоли, аскарлар, чет эл фуқароларини ўз ичига олади. Шунингдек, 5 мингдан ортиқ киши жароҳат олган.

Бунга жавобан Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторида ҲАМАСга қарши “Темир қиличлар” операциясини бошлади. Бир неча кун ичида исроиллик ҳарбийлар Ғазо билан чегара яқинидаги барча аҳоли пунктларини назорат остига олди ва чизиқдаги нишонларга, жумладан, тинч аҳолига ҳаво ҳужумларини бошлади. Шунингдек, Исроил Ғазо секторини тўлиқ блокадага олганини эълон қилди: сув, озиқ-овқат, электр энергияси, дори-дармон ва ёқилғи етказиб бериш тўхтатилди.

Ўтган йилнинг октябрь ойининг охирида Исроилнинг анклавдаги операциясининг қуруқлик босқичи бошланди.

Фаластин анклавининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 7 октябридан бери Исроилнинг ҳужумлари оқибатида Ғазода 24,4 минг кишидан ортиқ одам ҳалок бўлган, 61 мингдан кўп одам жароҳатланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?