АҚШ Украинага ўз ҳарбийларини юбориш масаласига ойдинлик киритди

00:21 29 Февраль 2024 Дунё
239 0

Фото: Reuters

АҚШ Украинага ўз аскарларини юбормайди. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот котиби Метью Миллер маълум қилди.

“АҚШ президенти Жо Байден “у ерда” Америка ҳарбийлари бўлмаслигини аниқ айтди”, дейди Миллер.

Шу билан бирга, у бошқа давлатлар раҳбарлари бу борада ўз қарорларини қабул қилишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Франция президенти Эммануэль Макрон 26 февраль куни Парижда Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича конференция якунлангач, Киевни узоқ масофага учувчи қуроллар билан таъминлаш бўйича коалиция ташкил этилишини эълон қилди.

Шунингдек, у Европа Иттифоқи давлатларидан Украинага қўшин юбориш имкониятини изоҳлаб, бундай сценарийни истисно қилмади.

Ўз навбатида, Европа Иттифоқи ва НАТОнинг айрим давлатлари икки томонлама келишувлар асосида ўз ҳарбийларини Украинага юбориш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида Словакия бош вазири Роберт Фико ҳам айтиб ўтди. Шу билан бирга, у бундай қадам фақат можаронинг кучайишига олиб келишидан огоҳлантириб, Словакия ҳарбийлари Украинага юборилмаслигини таъкидлади.

Чехия бош вазири Петр Фиала ҳам Прага ўз ҳарбийларини Украинага жўнатишни режалаштирмаганини айтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер