АҚШ разведка идораларига COVID-19 ҳақида эпидемиядан бир ой олдин маълумот берилган — NYP

21:42 15 Сентябр 2021 Дунё
1646 0

Фото: Radio Prague

АҚШда яшовчи хитойлик диссидент, ҳуқуқ ҳимоячиси Вэй Цзиншэн АҚШ разведка идораларига COVID-19нинг тарқалиши ҳақида 2019 йилнинг ноябрь ойида, Хитой касаллик тарқалишини расман тан олишидан бир ой олдин хабар берган.

Бу ҳақда “New York Post” (NYP) “Уханда аслида нима бўлган эди”га китобига асосланиб ёзмоқда.

Цзиншэн илк бор қандайдир сирли вирус ҳақида 2019 йил октябрь ойида, Уханда Бутунжаҳон ёзги ҳарбийлар ўйинлари бўлиб ўтаётган пайтда Пекиндаги обрўли одамлардан эшитган. Кейин у бу ҳақда дарҳол ўша пайтдаги АҚШ президенти Дональд Трамп билан алоқаси бўлган америкалик сиёсатчига, шунингдек, хитойлик инсон ҳуқуқлари фаоли Димон Лю ва унинг турмуш ўртоғи, Марказий разведка бошқармасининг собиқ агенти Роберт Сюттингерга айтган.

“Мен уларнинг бу ҳолатдан менчалик қаттиқ ташвишга тушмаётганини тушундим ва батафсилроқ маълумот тўплашга ҳаракат қилдим. Афтидан, улар бирон-бир мамлакат расмийлари вирус тарқалиши ҳақидаги маълумотларни яширишга қодир эканига ишонишмади”, дейди Цзиншэн.

Лю, ўз навбатида, Цзиншэн билан суҳбатдан сўнг, Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Мэтту Поттинжерга етказиш учун маълумот тайёрлаган.

“Лекин мен уни (маълумотни) юбормадим, чунки бу ақлбовар қилмас ҳолатдек туюлди”, дейди Лю.

Люнинг қўшимча қилишича, у коронавирусни “SARS”дан хавфли эмас, деб ҳисоблаган.

АҚШнинг Давлат департаментининг собиқ ходими, Хитойнинг Ухан шаҳрида COVID-19 тарқалишини текшираётган Дэвид Ашернинг айтишича, 2019 йил охирида АҚШ ҳукуматида касаллик ҳақида бошқа муҳим маълумотлар бор эди, лекин ҳамма фактларни солиштиришнинг имкони бўлмаган.

COVID-19нинг авж олиши биринчи марта 2019 йил декабрь ойида Хитойнинг Ухан шаҳрида кузатилди. Дастлаб янги инфекциянинг манбаи денгиз маҳсулотлари бозори экани айтилди. Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу бозор, ҳақиқатан ҳам, коронавирус манбаи эканлиги тўғрисида аниқ далиллар топмаганини билдирди.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда коронавирус юқтирганлар сони 225 миллиондан ошган. Инфекция асоратлари оқибатида 4,6 миллиондан ортиқ кишилар ҳаётдан кўз юмди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?