АҚШ пойтахтида Абу Райҳон Беруний бюсти очилди

18:07 23 Январь 2024 Жамият
367 0

Фото: “Dunyo” AA

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси олдида буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний бюсти ўрнатилди.

Бюстнинг тантанали очилиш маросимида АҚШ ҳукумати, Оқ уй, Давлат департаменти, дипломатик корпус, “ақл” марказлари экспертлари, ишбилармон доира ва етакчи ОАВ вакиллари қатнашди.

“Дунё” АА хабарига кўра, тадбир аввалида қатнашчиларга Абу Райҳон Беруний фаолияти ва олим меросининг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди. Бюстнинг очилиши нафақат буюк ўзбек олимининг тарихий аҳамиятини улуғлаш, балки Ўзбекистон — АҚШ ўртасидаги янада мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорликнинг тимсоли бўлиши қайд этилди.

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бутунжаҳон жамияти илмий кенгаши аъзоси Федерик Старр анжумандаги нутқида Абу Райҳон Беруний фаолияти ва ижоди, унинг жаҳон цивилизациясига қўшган муҳим ҳиссаси ҳақида батафсил маъруза қилди.

“Абу Райҳон Беруний Христофор Колумб Американи кашф қилишидан 500 йил аввал океан ортида қитъа борлигини айтган”, — деди Старр.

Иштирокчилар Беруний шахси ва меросига АҚШда кўрсатилган эҳтиром ҳақида фикр билдиришар экан, ушбу бюст нафақат Ўзбекистоннинг фахрли ўтмиши, балки мамлакатнинг ёрқин келажагини ҳам рамзий ифодаси эканини таъкидладилар.

АҚШ вакилларининг айтишича, Вашингтондаги бошқа давлатлар элчихоналаридан фарқли ҳолда Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси олдида сиёсатчи ёки ҳарбий саркардаларни эмас, айнан етук олим бюстининг ўрнатилиши мамлакатнинг таълим, илм-фан ва инновацияларга эътиборидан дарак беради. Қайд этилишича, ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг кўп асрлик маданияти, узоқни кўзлаган замонавий ташқи сиёсатини ва, албатта ўзбек халқининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини ифодалайди.

Тадбир якунида, унинг иштирокчиларига Федерик Старр қаламига мансуб Абу Райҳон Беруний ва замонавий тиббиёт отаси ҳисобланган Абу Али ибн Сино ҳаёти ва ижодига бағишланган “Замонасининг даҳолари: Ибн Сино, Беруний” китоблари совға қилинди.

Вашингтонда қад ростлаган Абу Райҳон Беруний бюсти “Амирсой” тоғ-чанғи курорти ҳомийлиги асосида ўзбекистонлик ҳайкалтарош усталар томонидан ясалган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?