АҚШ, Буюк Британия ва Австралия янги ҳарбий иттифоқ ташкил этди. У нима мақсадда тузилди?

02:56 17 Сентябр 2021 Дунё
963 0

Фото: АР. Жо Байден, Скотт Моррисон ва Борис Жонсон AUKUS тузилганини эълон қилмоқда

АҚШ, Буюк Британия ва Австралия янги ҳарбий иттифоққа бирлашди. Вашингтон, Лондон ва Канберра ўртасида мудофаа ва хавфсизлик бўйича уч томонлама янги шартнома ҳақида 16 сентябрь куни маълум бўлди.

Унинг ташкил этилганини АҚШ Президенти Жо Байден, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон ва Австралия Бош вазири Скот Моррисон биргаликда эълон қилди.

Янги иттифоқ AUKUS (уч иштирокчи давлат номларининг қисқартмаси: Australia, UK, USA) деб номланди.

Оқ уйнинг таъкидлашича, келишувнинг мақсади Ҳинд-Тинч океани минтақасида томонларнинг умумий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда мудофаа секторини ривожлантиришда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдир.

AUKUS гуруҳи доирасидаги тадбирлар иштирокчи мамлакатларга ахборот ва ҳарбий технологиялар алмашинувини соддалаштириш ва кенгайтириш имконини беради. Ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари орасида сунъий интеллект, кибернетика ва сув ости тизимлари соҳасилар мавжуд. Бундан ташқари, томонлар узоқ масофадан зарба бериш қобилиятини ривожлантиришни режалаштирмоқда.

Австралия Бош вазирининг таъкидлашича, келишув уч мамлакат ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқади. Борис Жонсоннинг таъкидлашича, иттифоқ АҚШ, Буюк Британия ва Австралияни ҳар қачонгидан ҳам яқинлаштиради, янги иш ўринлари ва фаровонликни таъминлайди.

Австралия атом сув ости кемаларини қуриш технологиясига эга бўлади

Мудофаа шартномаси Австралия томони сув ости кемаларини қуриш технологиясини олишни ҳам назарда тутади. 18 ой ичида Канберра учун камида саккизта атом сув ости кемасини яратиш режалаштирилган. Кейинчалик, мамлакатлар уларни етказиб беришнинг энг мақбул йўлини аниқлайдилар.

Австралия ҳукумати лойиҳага қарийб 4,7 миллиард АҚШ доллари сармоя киритмоқда. Бу Осборнда база ва Денгиз флотида мавжуд бўлган сув ости кемаларини модернизация қилишга йўналтиради.

Шу билан бирга, Австралия ҳукумати мамлакат ядро қуролига эга бўлмаган давлат сифатида барча мажбуриятларини бажаришга содиқ қолишига ишонтирмоқда. АҚШнинг аниқлик киритишича, Австралия бундай қуролларни яратишга интилмайди. Байденнинг таъкидлашича, дастур Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома шартларига тўлиқ мос келади.

Иттифоқ тузилиши билан Австралия Франциядан сув ости кемаларини сотиб олиш тўғрисидаги шартномани бекор қилди

AUKUS тузилгани эълон қилингандан сўнг Австралия Франциянинг “Naval Group” компанияси билан сув ости кемалари келишувидан чиқаётганини эълон қилди. Шу билан бирга Скотт Моррисон Париж ҳали ҳам Канберра учун Тинч океани минтақасида муҳим шерик эканлигини таъкидлади.

Францияда эса бу ҳаракат орқадан пичоқ санчиш дея баҳоланди. Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда ишонч бузилганига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Канберранинг қарори ҳамкорлик руҳига зид келади ва изчиллик йўқлигини кўрсатади.

2017 йилда Австралия Франция кемасозлик компанияси билан 12 та “Attack” таснифидаги сув ости кемасини сотиб олиш учун қиймати 66 миллиард АҚШ долларига тенг шартнома имзолаган эди. Бу Австралия тарихидаги мазкур соҳадаги энг йирик битим ҳисобланади.

Иттифоқ Хитойга қарши тузилдими?

Мазкур Иттифоқ орқали Вашингтон, Лондон ва Канберра Пекиннинг ҳарбий ва технологик ютуқларига қарши чиқмоқчи. Худди шундай фикрларни АҚШнинг айрим экспертлари билдирмоқда.

Ўз навбатида, Иттифоқ тузилгани эълон қилингандан сўнг Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби Лю Пэнъюй мамлакатлар учинчи давлатларга зарар етказишга қаратилган эксклюзив блоклар тузмаслиги кераклигини таъкидлади. У Иттифоқ аъзоларини Совуқ уруш давридаги мафкуравий хурофотлардан халос бўлишга чақирди.

Ўз навбатида, Австралия Бош вазири Моррисон Хитой раҳбари Си Цзиньпинга мактуб йўллаб, унда Хитой томонини Ҳинд-Тинч океани минтақасида хавфсизлик бўйича мулоқотга қўшилишга чақирган.

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон ҳам AUKUS Хитойга қарши тузилмаганини таъкидлади.

Фазлиддин АБИЛОВ тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?